Бугун, 19 июнь куни Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида давом этаётган “БРИКС” ўйинларининг еттинчи кунги мусобақалар дастурига кўра, аёллар кураши, юнон-рум кураши, бокс, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, қиличбозлик, сузиш, шахмат мусобақаларида 25 та медаллар жамланмаси учун мусобақалар ташкил этилади.
Кеча ортда қолган олтинчи кунги мусобақаларда эркин кураш, теннис, шахмат, сувга сакраш, ьаскетбол спорт турларида беллашувлар бўлиб ўтди.
Ўйинларнинг эркин кураш мусобақаларида 5 нафар спортчимиз ғолиблик учун кураш олиб борди. Уларнинг 4 нафари айнан Россия терма жамоаси аъзолари билан олтин медал учун гиламга чиқди.
Муросасиз ўтган беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Нодирбек Жуманазаров, Сардар Рўзимов, Бегиджон Қўлдашев, Бабур Исломов, Рустам Шодиев кумуш медалларни қўлга киритди. Ёш спортчиларимизнинг муваффақиятли иштироки туфайли эркин кураш бўйича Ўзбекитон терма жамоаси умум жамоада 3-ўринни эгаллади.
Ярим финал остонасига қадар етиб келган баскетболчиларимиз 4-ўрин билан кифояланган бўлса, шахмат, сузиш, теннис мусобақалари юртимиз спортчилари учун маҳорат беллашуви вазифасини ўтади.
Умумжамоада медаллар жамғариш борасида 131 та олтин, 80 та кумуш, 51 та бронза билан Россия терма жамоаси етакчилик қилмоқда. 2-ўринда бораётган Беларус вакиллари 19 та олтин, 40 та кумуш, 47 та бронза медалига эга бўлиб турибди. 3-ўринда бораётган Хитой вакиллари ҳисобида эса 17 та олтин, 12 та кумуш, 9 та бронза медали мавжуд.
Ўйинларда қатнашаётган 90 та давлат орасида Ўзбекистон спорт делегацияси 3 та олтин, 12 та кумуш, 18 та бронза медалига сазовор бўлган ҳолда кучли бешликни якунлаган.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнга қадар давом этадиган “БРИКС” ўйинларида 387 та медаллар жамланмаси учун мусобақалар ўтказилмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА