Германияда ўтаётган футбол бўйича Европа чемпионатида биринчи тур ўйинлари якунланди. Ушбу турнинг сўнгги ўйинларида Туркия 3:1 ҳисобида Грузияни таслим қилган бўлса, Португалия ва Чехия терма жамоалари ўйини 2:1 ҳисобида якунланди.
Хўш, ушбу турдан сўнг гуруҳлардаги вазият қандай кўриниш олди?
“A” гуруҳида Германия ва Швейцария илк турда ғалаба қозониб, 3 очко жамғарган ҳолда биринчи ҳамда иккинчи ўриндан жой олди. Венгрия ва Шотландия эса 3-4 ўринларни эгаллади.
“B” гуруҳида кутилганидек, Испания ва Италия терма жамоалари ғалаба қозонган ҳолда етакчига айланиб олди. Шунингдек, “ўлим” гуруҳида Албания учинчи, Хорватия тўртинчи поғоналарда бормоқда.
Англия “C” гуруҳида Сербияни енгган ҳолда яққол карвонбошига айланди. Словения ва Дания термалари дуранг қайд этган ҳолда 1 очкони қўлга киритиб, иккинчи ҳамда учинчи ўринда қолди.
Европа чемпионатининг “D” гуруҳида ҳам фаворитлар кутилганидек 3 очкога эга чиқди. Аниқроғи, Нидерландия терма жамоаси Польша, Франция термаси эса Австрия устидан ғалаба қозонди.
“Евро-2024”нинг “E” гуруҳида илк турданоқ кутилмаган сенсациялар қайд этилди. Руминия Украина терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 3 та гол киритган бўлса, кутилмаганда Бельгия 0:1 ҳисобида Словакияга имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа Руминия ва Словакия гуруҳда биринчи ҳамда иккинчи, Бельгия ва Украина 3-4 поғоналарни забт этди.
Мусобақанинг сўнгги “F” гуруҳида Туркия ва Португалия иккинчи турни 3 очко билан бошлайдиган бўлди. Чехия билан Грузияда эса очко йўқ.
Бугун, 19 июнь куни “A” гуруҳида Германия – Венгрия (21:00), Шотландия – Швейцария (00:00), “B” гуруҳида эса Хорватия – Албания (18:00) терма жамоалари ўртасида иккинчи тур ўйинлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА