Абу-Даби шаҳрида давом этаётган дзюдо бўйича катталар ўртасидаги 37-жаҳон чемпионатининг ортда қолган беллашувлари сарҳисобига кўра, Грузия, Италия, Япония, Жанубий Корея давлатлари медаллар сони бўйича етакчилик қилаётган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 107 та давлат орасида 8-поғонани банд этиб турибди.

Жаҳон чемпионатининг кеча ўтган мусобақалари якунида терма жамоамиз аъзоси Шарофиддин Болтабоев бронза медали учун кечган беллашувда кореялик Жун Хван Лига имкониятни бой бериб, 5-ўрин билан кифояланди. Бу, Болтабоевга “Париж-2024” Олимпиадасининг 720 рейтинг очкосини тақдим этди.

Бугун, 22 май куни жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунида 4 нафар дзюдочимиз беллашувларда иштирок этади.

Абу-Даби баҳсларида Давлат Бобонов -90 килограмм вазнда Луис Гагнон Криебер (Канада)/Петер Сафрани (Венгрия) қарама-қаршилигидаги беллашув ғолиби билан курашга киришади.

Жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобонов терма жамоамизнинг медаллар сарҳисобига ўзгартириш кирита оладими? Албатта, ҳозирдан бирон фикр билдириш мушкул. Муҳими, омад Давлат тарафида бўлса бас.

Шунингдек, терма жамоамиз аъзоларидан Шоҳиста Назарова ва  Гулноза Матниёзова -70 килограммда, Ирисхон Қурбонбоева -78 килограмм оғирликда ғолиблик учун баҳсларга киришади.

Эслатиб ўтамиз, 24 майга қадар давом этадиган жаҳон чемпионатида 107 мамлакатнинг 658 нафар дзюдочиси иштирок этмоқда. Бугунгача 17 та давлат спортчилари совриндорлар қаторидан жой олган бўлса, 90 та терма жамоа спортчилари ҳали биронта ҳам медални қўлга кирита олмади. Ҳамюртларимиздан  ҳозирча Диёра Келдиёрова кумуш медаль соҳиби бўлган.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА