«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида мактабгача таълим соҳасида ҳам амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, Мактабгача таълим агентлиги олдида мактабгача таълим билан қамров даражасини 76 фоизга етказишдек муҳим масала бор бўлиб, шу йилнинг иккинчи чорагида 797 та янги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди. Уларга 12 875 нафар бола қабул қилиниши натижасида мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74,3 фоизга етказилди.

Бунда 23 та давлат мактабгача таълим ташкилотларига 1 635 нафар, 16 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига 922 нафар, 5 та хусусий мактабгача таълим ташкилотларига 250 нафар, 753 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига 10 068 нафар бола қамраб олинди.

6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамров даражасини ошириш мақсадида эса 1 140 нафар бола учун янги ўринлар яратилди. 26 та қисқа муддатли гуруҳларга 780 нафар, 12 та тўлиқ кунлик гуруҳларга 360 нафар бола қамраб олинди.

Шунингдек, Давлат дастурида давлат мактабгача таълим ташкилотларида компьютер гуруҳларини ташкил этиш ҳамда педагогларни ишга қабул қилиш жараёнини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш вазифалари ҳам белгиланган бўлиб, бу бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, давлат мактабгача таълим ташкилотларини планшет ва интерактив доскалар билан таъминлаш мақсадида уларнинг техник тафсилотлари ишлаб чиқилди. Шу билан бирга мазкур техникалар билан жиҳозланган мактабгача таълим ташкилотлари манзилли рўйхати тасдиқланди.

Айни пайтда мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган тарбиячи-педагог кадрларни 3 босқичда психологик методика ва тестлар орқали саралаш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Мактабгача таълим агентлиги томонидан пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА