Франция, Париж –ؘ санъат, тарих, мода ва маданият шаҳри деб бежизга айтишмайди.

Франциянинг маданий маркази сифатида эътироф этилаётган бу шаҳарда маҳаллий ва хорижий фуқароларга мусиқий дастурлар ранг баранглигини тақдим этиш, қизиқарли ва ҳузурбахш фестиваллар ва турли анжуманларни ўтказиш одат тусига кирган ва бу инсонлар қалбига чексиз кайфият туҳфа этиши билан аҳамиятли.

Бугун Франция нафақат тиниқ багетлар, ҳашаматли беретлар ва хорижий сайёҳларни ўзига ром этаётган Эйфел минораси билан, балки ўз санъати, мода ҳафталиклари, кийиниш услубию, дунёга машҳур брендлари билан инсонлар кўнглидан жой олиб улгурган. Франция чинакам ноёб маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган кўплаб брендларнинг ватани ҳисобланади. Бу ерда ўзининг бетакрор дурдона асарлари билан дунёни забт этган истеъдод эгалари туғилиб, ҳозиргача ўз соҳасининг даҳоси саналади.

Бугун биз машҳур француз брендларини атрофлича эътироф этмасдан иложимиз йўқ. Ушбу брендлар нафақат Францияда, балки бутун дунёда “энг яхшиларнинг энг яхшиси” дея айтилади. Мамлакат пойтахтида ўтадиган Париж мода ҳафталиги ва унда намойиш қилинадиган брендлар ҳам йилнинг энг муҳим мавзусига айланади, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Шундай машҳур ва барчамизга маълум брендлардан бири – Bonpoint. 1975 йилда Мари-Франcе Коен томонидан асос солинган энг машҳур француз болалар кийимлари брендларидан бири бўлган Bonpoint’нинг бугунги кунга қадар дунё бўйлаб 80 дан зиёд бутиклари очилган. Жумладан, куни кеча пойтахтимиз Тошкентда ҳам корхонанинг навбатдаги иккинчи филиали расман иш бошлади.

Tashkent City Mall савдо-кўнгилочар марказида фаолият юритаётган Bonpoint болалар кийимларига тўлиқ ихтисослашган ноёб бренд ва сифатли табиий материалларга эътибор қаратади. “Бренд, шунингдек, болаларнинг нозик териси саломатлиги ва парвариши ҳақида қайғуради, юқори сифатли болалар косметикасини таклиф қилади”, дейилади корхона шиорларида.

Қайд этиш керак, ўтган йил октябрь ойида Тошкент шаҳри марказида Франциянинг болалар кийимлари бренди Bonpoint’нинг биринчи филиали очилган эди.

Маълумот ўрнида, брендининг биринчи бутиги Парижда 1972 йилда очилган. Мари-Франcе Коеннинг нафис диди ва табиий истеъдоди унга болалар кийимларини сотиш бўйича муваффақиятли бизнес бошлаш имконини берган. Француз аёлнинг мақсади нафақат ўз фарзандларида, балки барча болаларда жуда эрта ёшданоқ услуб туйғусини сингдириш бўлган.

Мазкур брендининг пайдо бўлиши ёшлар ва ўсмирлар модаси оламида ҳақиқий сенсацияга айланган. Компания ўзининг дизайн бюроси ва ательесини яратди. Маҳсулотлар юқори сифатли итальян матоларидан тайёрланган.

– Бренднинг навбатдаги филиали катта тантана билан очилди, – дейди бутикининг бренд менежери Инна. – Ушбу компания сотув шаҳобчасининг пойтахт Тошкентда очилишидан асосий мақсад – ёшларда эрта болаликдан услуб ва мода тушунчасини ўргатиш.

Маълумки, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан чет эллик ишбилармонлар билан ҳамкорликда янги лойиҳаларга старт бериш, шу жумладан, нуфузли хорижий брендларни мамлакатимизга олиб кириш, кенг қамровли савдони ривожлантириш ва ўзбек маҳсулотларининг жаҳон бозорларига олиб кириш бўйича топшириқлар берилган.

Давлатимиз раҳбари саноат тармоқларидаги тадбиркорлар, ишбилармон доира вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказаётгани бежиз эмас. Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий соҳадаги чора-тадбирлари Франциянинг Bonpoint компанияси каби дунёнинг энг машҳур брендларининг юртимиздаги фаолиятига асос бўлди.

Беҳруз Худойбердиев, Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА