Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Беларусь Республикаси Олий суди раиси Валентин Сукало билан учрашди.

Мулоқот давомида икки мамлакат Олий судлари ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

Тарафлар суд-ҳуқуқ соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар яратилганлигига алоҳида эътибор бериб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Хусусан, фуқаролик, иқтисодий, меҳнат, оилавий ва жиноят ишлари бўйича одил судловни амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама этилди.

Суд соҳасига доир қонун ҳужжатларига оид маълумотлар ҳамда судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш юзасидан тажриба алмашиш бўйича мулоҳазалар билдирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Олий судлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ушбу ҳужжат ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши ҳамда икки томонлама шерикликни янги босқичга кўтаришга мустаҳкам замин яратиши таъкидланди.

Меҳмон Олий суд музейининг экспонатлари ва пленум мажлислари зали билан ҳам танишди.

Н.Абдураимова, ЎзА