Пойтахтимизда гандбол бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида бир хафта мобайнида давом этган V Марказий Осиё очиқ чемпионати якунланди.

Озарбайжон, Ҳиндистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳамда мамлакатимиз гандбол жамоалари иштирок этган чемпионатда 10 та эркаклар ва 9 та аёллар жамоаси совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.

Кеча ўтказилган сўнгги ўйинлар натижасида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Тошкент вилоятининг ОКМК ҳамда Қозоғистоннинг Остона шаҳри жамоасига насиб қилди.

Эркаклар жамоалари ўртасидаги шиддатли ўйинлар сарҳисобига кўра, Тошкент вилоятининг ОКМК гандболчилари ғолиблик шохсупасига кўтарилди. 2-ўринни Қўқон университети ва 3-ўринни Тошкент шаҳар терма жамоаси эгаллади.

Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида иштирок этган  Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Жасур Акромов, Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоилжон Матхолиқов ва бошқалар қўшни давлат жамоалари билан биргаликда шундай турнирларни ташкил этиш маҳоратли спортчиларни саралаш, танлаш, терма жамоаларда ўйин кўникмасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Айтиш лозимки, гандбол мухлисларига бир олам завқ бағишлаган мусобақаларнинг ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтишида ҳакамларнинг ўрни беқиёс бўлди.

Ўзбекистон гандбол федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Бобурбек Латипов бошчилигидаги Ҳасан ва Ҳусан Исмоилов, Заҳро Аллаёрова, Севара Разакбергенова, Аробиддин Имонбоев, Ҳасан Аҳмедов, Шоҳрух Шамсиев, Шаҳзод Шавкатов ва Миржалол Абдукаримов каби ҳакамлар ўзларига билдирилган ишончни тўла оқлашди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА