Грециянинг Каламата шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анвар Анваров олтин медални қўлга киритди.

Мусобақанинг узунликка сакраш баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз 8.17 метр натижа қайд этиб, мусобақа ғолибига айланди. Шуни таъкидлаш жоизки, турнирда ҳеч бир атлет 8 метрлик натижани такрорлай олмаган. Шунингдек, Анвар Анваров мавсумдаги энг яхши натижасини кўрсатди. Мазкур йўналишда Амовис Далмеро (Колумбия) 7.88, Жюл Поммер (Франция) 7.78 натижа билан иккинчи ҳамда учинчи поғонадан жой олди.

Эслатиб ўтамиз, Анвар Анваров бундан аввал Кипрда ўтказилган  “Cyprus International Athletics Meeting” турнирида кумуш медалга сазовор бўлган эди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА