Global India Business Forum ташкилоти томонидан ташкил этилган “Ҳиндистон-Марказий Осиё” халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси мамлакатимиз савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти бўйича тақдимот ўтказди.

Элчи Сардор Рустамбоев Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди, турли мамлакатлар бизнес ҳамжамиятлари билан амалга оширилаётган лойиҳалар, юртимизда инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар, мамлакатимизнинг экспорт ва импорт салоҳияти, республикамизда ҳинд компанияларининг муваффақиятли фаолиятига доир маълумотлар билан ўртоқлашди.

Форум иштирокчиларининг асосий эътибори иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятларга қаратилди.

Global India Business Forum ташкилоти президенти Ўзбекистон билан ҳамкорлик Ҳиндистон учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб, янги ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш учун қулай шароитлар кенгайтирилаётгани қайд этилди.

Ҳинд компаниялари вакиллари билан музокаралар давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, Ўзбекистоннинг турли вилоятлари ва тармоқларига инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, Ҳиндистон бозорида ўзбек маҳсулотлари экспортини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА