Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича қатор фармон ҳамда қарорлар қабул қилинган бўлиб, шу асосда соҳада ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан Хўжайли тумани “Саришунгул” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Миздакхан” тарихий-археологик комплекси имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида “Миздакхан мажмуаси” дирекцияси ташкил этилди.
Янги дирекциянинг асосий вазифаси “Миздакхан” тарихий-археологик мажмуасидаги маданий мерос объектлари ва зиёрат масканлари билан чет эллик ва маҳаллий туристларни таништириш, шунинг билан бирга, дунё жамоатчилиги эътиборини жалб қилишдан иборат. Шунингдек, сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудуд инфратузилмаси яхшиланиб, умумий овқатланиш корхоналари ва зарур объектлар қурилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири