Бугун эрта тонгдан кўҳна ва боқий Бухорода II халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали фестивалининг “Мўъжизалар карвони” йўлга чиқди.

Бухорода ўтказилаётган халқаро фестивалининг асосий тадбирларига старт берилди.

Эрта тонгдан Арк қўрғонидан “Мўъжизалар карвони” тантанали юриши бошланди.

Тадбирда бир қатор давлатлардан маданият ва санъат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, расмий тур-операторлари қатнашмоқда.

Жорий йилнинг 3-5 май кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилаётган халқаро фестивалнинг мақсади зардўзлик ва заргарлик йўналишларида фаолият олиб борадиган, соҳа тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган тажрибали ва иқтидорли ҳунармандларни кашф қилиш, нодир ва йўқолиб бораётган санъат асарларини асраб-авайлаш, тиклаш, энг илғор амалий дастурларни тарғиб қилиш, ёш авлодга ушбу ҳунарни ўргатган ҳолда вилоятларда янги иш ўринларини яратиш, халқаро миқёсда миллий брендни яратиш ва оммалаштиришдан иборатдир.

Халқаро фестиваль давомида турли тақдимотлар, кўргазмалар, мусиқали театр намойишлари ва кўнгилочар дастурлар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Шунингдек, анжуман доирасида қадимий шаҳарда “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилади.

Иккинчи маротаба бўлиб ўтаётган тадбирда 42 та хорижий давлатдан 157 нафар ҳунарманд ҳамда меҳмон ташриф буюрган. Республикамизнинг барча ҳудудларидан жами 280 нафар маҳаллий ҳунарманд келган. Шундан 115 нафари заргар, 50 нафари зардўз, 115 нафари бошқа йўналишда фаолият юритувчи ҳунарманд ҳисобланди.

Тадбирларни ёритиб бориш учун матбуот маркази иш бошлади. Матбуот марказида хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолият олиб бормоқда. Фестивални оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиш режалаштирилган.

Фестивалнинг биринчи кунида иштирокчиларнинг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси ҳамда матбуот анжумани ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

 

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбири