Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми давом этмоқда.

Нуфузли анжуман доирасида ташкил этилаётган тадбирларда иштирок этаётган хорижий делегация вакилларининг фикрлари билан қизиқдик.

– Форумнинг ялпи сессияси ва шу доирадаги бошқа тадбирларда иштирок этдик, – дейди БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси Ижрочи котиби Татьяна Молчан. – Жараённи кузатиб ушбу анжуманнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганини кўриш мумкин. Қатнашчилар сони кескин ошганига эътибор қаратиш лозим. Мамлакатингизда катта имкониятлар бор. Менимча, ҳамкорликда бу имкониятлардан кенг фойдаланиш йўлларини кўриб чиқишнинг айни вақти.

Алоҳида-алоҳида ислоҳотлар олиб бориши мумкин, лекин ҳамкорликда самара яхшироқ бўлади. Маҳсулотларни экспорт-импорт қилиш, ривожланишга эришиш учун тўғри инфратузилмага эга бўлишда бу муҳим аҳамиятга эга. Шунда натижага эришиш жараёни узоқ давом этмайди. Шундай экан, форум ва унинг доирасида ташкил этилаётган тадбирлар давомида илгари сурилган ташаббуслар жуда муҳим. Бу минтақа учун ҳам аҳамиятли.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Татьяна Молчанни қабул қилди. Минтақа ва мамлакат миқёсидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўтган йил ноябрь ойида Боку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

 

ЎзА