Бугунги кунда орамизда хорижда яшаш, ишлаш ёки ўқишни орзу қилаётган инсонлар сони тобора ортиб бормоқда. Ҳозирда мигрантлар сони ўртача 2 миллион кишини ташкил этиб, шундан 547,7 минг нафарини хотин-қизлар, 647,4 минг нафарини ёшлар ташкил этмоқда.

Афсуски, хорижга ишлаш учун кетганларнинг ҳаммасининг ҳам ошиғи олчи, деб бўлмайди. Улар орасида ҳуқуқи топталган, соғлиғидан ажралиб, қарзга ботиб юртга қайтаётганлари ҳам бор.

Хўш, хорижга бориб, яхши даромадли иш топиш учун нима қилиш керак? Ўзбекистонлик фуқаролар қайси давлатларга бориб қонуний ишлашлари мумкин? 

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг юридик таъминлаш бўлими бошлиғи Камола Шукурованинг сўзларига кўра, бугунги кунда соҳада хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, унинг йўналишларини диверсификация қилиш, номзодларни касб-ҳунарга ва чет тилига ўргатиш бўйича Европа давлатлари ва Япония, Корея, Канада каби иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

– Шу мақсадда, 2023 йилдa Буюк Британия, Болгария, Испания қироллиги, Латвия, Литва, Германия, Канада, Корея, Япония, Туркия, АҚШ, Руминия, Португалия, Словакия, Россия, Озарбайжон ва Қирғизистон каби давлатларнинг ваколатли ташкилотлари вакиллари билан 50 дан ортиқ музокаралар ўтказилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг my.labormigration.uz дастурий мажмуасидан онлайн ёки Агентликнинг ҳудудий филиалларидан рўйхатдан ўтиш орқали Россия Федерацияси, Япония, Германия, Литва, Латвия, Болгария, Польша ва Буюк Британия, Туркия, Чехия, Венгрия, Канада, Жанубий Корея, Сербия, Исроил, Словакия, Финляндия каби мамлакатларнинг меҳнат бозорларида ишлаш имконияти мавжуд.

Ҳозирда 28 та давлатнинг 242 та йирик иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз, – дейди Камола Шукурова.

Н.Раҳмонова, А.Аҳмедов, А.Алижонов (видео), ЎзА