Хориж кинофильмларида турли оғир вазиятга тушган кишиларнинг “911” қисқа рақамига қўнғироқ қилишига кўп гувоҳ бўлганмиз.

Бу АҚШ қутқарув хизмати рақами бўлиб, унга барча тезкор хизматлар уланган. Ёрдамга муҳтож одам бу рақамга қўнғироқ қилганида, унга нафақат полиция, балки зарур бўлса, тез тиббий ёрдам хизмати ҳам бирга жалб қилинади.

Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш тизим ишлаб чиқилди. Бу Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан яратилган “Менинг инспекторим” дастуридир.

Айни пайтда тест режимида ишлаётган дастурни фуқаро шахсий маълумотларини киритиш орқали ўз мобил телефонига юклаб олиши мумкин.

Фавқулодда вазиятларга тушганда, агар ёрдам керак бўлиб қолса, дастурга кириш орқали ёрдам олиш мумкин.

Дастурга киришингиз билан “SOS” ёзувига кўзингиз тушади. Ёзувнинг устига босишингиз билан қўнғироғингизга ички ишлар органи ходими жавоб беради.

Дастурга киритилган “Асосий” тугмасини боссангиз, яқин ИИБ пунктлари, ИИБ янгиликлари, огоҳликка тарғиб этиш, менинг аризаларим, фавқулодда вазият рақамлари, таклиф каби рукнларга кўзингиз тушади. Уларга кириш орқали керакли маълумотни олиш мумкин.

Синов тариқасида “SOS” тугмасини босиб кўрганимизда, бир лаҳза ўтмай, қўнғироққа жавоб беришди. Ходим дарров “Сизга нима ёрдам керак?” деб сўради.

Шу кунларда маҳаллалар профилактика инспекторлари хонадонма-хонадон юриб, фуқароларга дастурнинг аҳамиятини тушунтириб, уни мобил телефонга юклаб олишга ёрдамлашмоқда.

Бу дастур яхши ишлаб кетса, келгусида турли хизматларга ажратилган турли рақамларга эмас, балки ягона тизимга мурожаат қилиш имкони юртимиз бўйлаб яратилса, ажаб эмас.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА