Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг 2023 йил фаолияти натижалари юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Президентимиз раҳбарлигида кейинги йилларда давлат фуқаролик хизматида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳа сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди.

Агентлик томонидан 2023 йилда давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, давлат хизматига энг муносибларни танлаб олиш йўналишида vacancy.argos.uz портали ишга туширилди. Портал орқали 68 вазирлик ва идора ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги  24 минг 256 вакансия бўйича маълумот тақдим этилди.

Ваканциялар бўйича 730 мингдан ортиқ номзод ўртасида танловлар ўтказилди. Натижада 10 минг 137 нафари ишга қабул қилинди. Танлов ғолибларининг 3,5 мингдан зиёди 30 ёшгача бўлганлар, 3,5 мингдан ортиғини аёллар, 1 минг 626 нафарини давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганлар ташкил этди.

Муносиб кадрлар захирасини шакллантириш йўналишида “zaxira.argos.uz” портали ишга туширилди. Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасида натижа кўрсатган минг нафар номзод Салоҳиятли кадрлар захирасига саралаб олинди ҳамда меҳнат фаолиятида ижобий ютуқларга эришган номзодларнинг 145 нафари агентликнинг тавсиясига асосан юқори лавозимларга тайинланди. Шунингдек, “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурининг 99 нафар битирувчиси ҳам Миллий кадрлар захирасига киритилди.

Инсон ресурсларини бошқариш жараёнини рақамлаштириш бўйича  “hrm.argos.uz” электрон платформаси ишга туширилди. 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб барча ҳужжатларни “hrm.argos.uz” электрон платформасида юритиш бошланиб, 2 минг 668 ташкилот мазкур платформага уланди ҳамда 93 мингдан ортиқ давлат хизматчисининг маълумотлари рақамлаштирилди.

Агентлик томонидан ҳудудларда ташкил этилган 100 дан ортиқ малака ошириш курсларида 5 минг 730 нафар қуйи бўғин давлат хизматчилари иштирок этди. Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда 2 минг 344 нафар республика ва маҳаллий даражадаги раҳбар кадрлар учун малака ошириш курслари ўтказилди.

Ilm.argos.uz масофавий таълим портали ишга туширилди, унда 390 дан ортиқ видеоматериал, 240 дан ортиқ электрон адабиёт жойлаштирилди. Ташкил этилган масофавий ўқув курсларида

7 мингдан зиёд раҳбар кадрлар ва давлат хизматчилари иштирок этди.

Давлат фуқаролик хизматида баҳолаш (KPI, ЭМСК) тизимини жорий этиш бўйича 208 туман ва шаҳарда ҳоким ўринбосарлари ҳамда сектор раҳбарлари фаолияти баҳоланиб, уларнинг рейтинги шакллантирилди.

Уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашни рақамлаштириш бўйича “samaradorlik.uz” электрон платформаси ишга туширилди. Аҳолининг ҳокимлик ва секторларнинг ижтимоий соҳадаги фаолиятидан қониқиш даражасини аниқлаш мақсадида 9 минг 400 дан ортиқ  маҳаллада 123 мингдан ортиқ респондент орасида сўровнома ўтказилди.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида тўртта комплекс ўрганиш ва 261 мониторинг ўтказилиб, 1 минг 792  қонунбузилиши аниқланди, 18 нафар айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Иш режимига риоя этилиши бўйича 1 минг 174 давлат органида мониторинг ўтказилиб, 163 тасида 540 нафар ходим дам олиш кунлари ва иш вақтидан ташқари ишга жалб этилгани аниқланди. Натижаси бўйича 163 нафар раҳбарга огоҳлантириш ва ёзма кўрсатмалар берилди ҳамда 11 нафар мансабдорга 47,6 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилиши таъминланди.

Агентлик томонидан келгусида “Халқчил ва профессионал давлат фуқаролик хизмати – 2030” стратегияси ишлаб чиқилади. Танлов тизимини такомиллаштириш, бунда тизимда инклюзивликни ошириш, тест ва суҳбат жараёнларида объективликни оширишга эътибор қаратилади.

“Давлат хизматининг рақамли платформаси” ишга туширилади.  Давлат хизмати маълумотлари учун BI (Business intelligence) таҳлилини жорий этиш, давлат фуқаролик хизмати ташкилотларини “жозибадор иш берувчи сифатидаги бренди”ни яратиш бўйича амалий тадбирлар олиб борилади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА