Германиянинг “Mannheimer Morgen” газетасида Тамара фон Рехенберг ижодига мансуб “Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси” номли китоб-альбом нашр этилгани ҳақида мақола чоп этилди.

Мақола муаллифи Михаэль Росснер қайд этишича, фотограф Осиё ва Американинг кўплаб мамлакатларига сафар қилган. Турли маданият ва ландшафтга бўлган юқори қизиқиш уни 2019 йил Ўзбекистонга чорлади. Саёҳати давомида ушбу сеҳрли диёр таассуротидан илҳомланган ҳайделберглик тадбиркор ўзи олган суратларни китоб ҳолида чоп этишга қарор қилди.

“abc-Verlag Heidelberg” нашриёти томонидан босилган, 224 саҳифани эгаллаган юқори сифатли суратлардан иборат ушбу асар матни немис ва инглиз тилларида битилган. Бу ўқувчилар сони кўпайишига хизмат қилиб, муаллифга ўз ишини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш имконини беради.

– Кўплаб дўстларим, танишларим Ўзбекистонга жуда қизиқишади, лекин мамлакатнинг табиати, гўзаллиги ва одамлари ҳақида, афсуски, етарли таассуротга эга эмас, – дея китоб муаллифи фикридан иқтибос келтирилган мақолада. – Мен суратларим, мамлакат ҳақида тўпланган маълумот ва Ўзбекистонга уюштириладиган кичик сайёҳлик гуруҳлари иштирокидаги турлар орқали одамларни ушбу мамлакатга боришга ундайман.

Материалда ёзилишича, немис фотографи Ўзбекистондаги ЮНEСКО Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарларида бўлган. Қизилқум чўли, Фарғона водийси ва Тошкентга саёҳат қилган.

– Китоб Ипак йўлида жойлашган серқуёш диёрнинг турфа тарихий гўшаларида олинган суратлар билан бойитилган, – таъкидлайди яна мухбир. – Мафтункор суратлар ушбу эртакнамо мамлакатнинг маданий мероси, туризм салоҳияти билан яқиндан таништиради.

Қайд этилишича, китоб муаллифи Тамара фон Рехенбергнинг “cct: werbeagentur” компаниясидаги 35 йиллик раҳбарлик фаолияти унга 3D-дизайн, кино ва фотография соҳаларида тажрибали мутахассис бўлиб етишиш баробарида ишбилармон аёл мақомига эга бўлиш имконини берган.

ЎзА