Бугун, 29 март куни Тошкент шаҳрида «Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳаси ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони доирасида эндиликда жамоат транспорти, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари барча автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган ушбу лойиҳа пойтахтимизда ҳар ойнинг бир иш куни давомида амалга оширилади.

Президентимиз кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг автомобиллар чиқинди газларининг экологияга зарарли таъсирини камайтириш мақсадига хизмат қиладиган айни таклифини астойдил маъқуллагани бежиз эмас. Чунки бугунги кунда сайёравий кўламдаги учта таҳдид – иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиатнинг бузилиши бутун халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда.

Экологик таҳдидлар бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор 2021 йилда мусаффо, соғлом ва барқарор атроф муҳит – бу инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан чамбарчас боғлиқ.

Давлатлар олдига БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига болаларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқлари ҳақида вақти-вақти билан ҳисобот бериш талаби ҳам қўйилган.

Марказий Осиё минтақаси иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилмоқда. Ҳозирги вақтда минтақа мамлакатларида кузатилаётган сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда.

Бинобарин, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим. Мамлакатимиз 2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган.

Иқлим бўйича илк глобал битим ҳисобланувчи 2015 йил 12 декабрда қабул қилинган Париж битими Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурсларини жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатларга қарши курашиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, Ўзбекистон Болалар, ёшлар ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилган. Бу муҳим қадам мамлакатимиз болаларнинг том маънода ҳаёти учун, ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг белгисидир.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларига дахлдор бир қанча янги ташаббусларни илгари сурганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни вақтда халқаро, минтақавий ва миллий даражалардаги ушбу ташаббуслар изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.

Мамлакатимизда БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Жаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ ишлар давом эттирилмоқда.

Давлатимиз ва жамиятимиз экологик муаммоларни ҳал этишда дунё ҳамжамиятининг куч ва имкониятларини бирлаштириш, саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарур, деб ҳисоблайди.

Шу боис Президентимизнинг бу борадаги изчил сиёсати асосида: биринчидан, жамиятимизда, айниқса, маҳаллаларда табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш маданиятини шакллантиришни умуммиллий амалий ҳаракатга айлантириш; иккинчидан, экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларни, хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш; учинчидан, сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисмини туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтириш; тўртинчидан, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш, соҳага янги инновацион агротехнологияларни кенг жорий этиш, яратилаётган янги деҳқон хўжаликларини ҳақиқий ер эгасига айлантириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Янада муҳими, экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафи 2021 йилда «Экология ҳуқуқи ҳимоячиси» номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайди.

Хулоса ўрнида яна «Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳаси мавзусига қайтамиз. Шу вақтга қадар дунёнинг 2 мингдан зиёд йирик шаҳарларида оммалашган мазкур ташаббус барча давлат ташкилотлари қатори Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси томонидан ҳам қизғин қўллаб-қувватланди.

Миллий марказ раҳбарияти ва ходимлари давлат транспорти хизматидан ва шахсий автомобиллар имкониятидан воз кечган ҳолда, ишга келиб-кетишда жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Ҳамкасбларимиз орасида велосипед ҳайдаб ва ҳатто яёв ишга келганлар ҳам бор. Бу, ўз навбатида, жамоамизда соғлом турмуш тарзига эътибор тўғри йўлга қўйилганидан ҳам далолатдир.

 

Ғулом Мирзо