Автомобиль транспорти атмосфера ифлосланишининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Зарарни камайтириш, табиат софлигини асраш, шунингдек, инсонлар онгида экологик маданиятни шакллантириш мақсадида дунёда 1995 йилдан буён ҳар йили “Автомобилсиз кун” тадбирлари ўтказиб келинади.

Ўзбекистонда ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йилдан эътиборан “Автомобилсиз кун” ташкил этиб келинмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, юртимизда 5 миллионга яқин автомобиль мавжуд. Республика миқёсда атмосферага чиқаётган зарарли чиқиндиларнинг 60 фоизи ва Тошкентда 88 фоизи автомобиллар ҳиссасига тўғри келади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги атроф-муҳитни ана шундай автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, катта шаҳарларда транспорт воситалари тирбандлигини камайтириш, жамоат транспорти тизимини ривожлаштириш масалаларига жамоатчиликни фаол эътибор беришга чорлайди. Шу мақсадда вазирлик томонидан 2024 йилнинг 29 март куни Тошкент шаҳрида “Автомобилсиз кун” тадбирларини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

“Автомобилсиз кун” тадбирида  бинолари Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиш орқали шахсий намуна кўрсатиб бориши лозим.

Бу эзгу ташаббусни ЎзА-Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳам қўллаб-қувватлайди ҳамда агентлик раҳбарияти ва барча ходимлари «Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳасида фаол иштирок этади.

ЎзА