Дунё миқёсида саноатнинг кенг ривожланаётгани, аҳоли сонининг ортиб бораётгани, иқтисодиётнинг жадал ўсиш суръатлари энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ва талабнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бир қаторда, инсоният олдида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, экологияни сақлаш ва келажак авлодга тоза муҳитни етказиш каби муҳим масалалар турганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов, Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Шерзод Содиқов БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ минтақавий бюроси вакили Яна Копернич бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Унда БМТ Тараққиёт дастурининг Глобал экологик фонди ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2017-2023 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Қўшма лойиҳада қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, ижтимоий, савдо ва маъмурий бинолар билан бир қаторда, турар-жой секторида ҳам энергия самарадорликни ошириш назарда тутилган.

Йиғилишда Шерзод Ҳидоятов мамлакатимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами истиқомат қилувчи кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш, уларга замонавий ёндашувлар асосида қулайлик яратиш лозимлиги ҳақида тўхталди.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга жалб этиш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов. – Хусусан, қурилиш ва коммунал соҳаларда ҳам энергия тежовчи, замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан бир қатор лойиҳалар олиб борилмоқда. Яна бир муҳим йўналишимиз, мавжуд турар-жой биноларида энергия самарадорликни таъминлаш. Айниқса, контингент ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб даставвал чекка ҳудудларда реновация-реставрация лойиҳаларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Ўз ўрнида БМТ Тараққиёт дастурининг Глобал экологик фонди вакили ҳам ушбу фикрни қўллаб-қувватлашини, бу борада ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида БМТ Тараққиёт дастурининг келгусида амалга оширадиган лойиҳалари ва уларда вазирлик иштироки юзасидан фикр алмашилди.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА