Шавкат Мирзиёев Олтиариқ туманида фермерлар билан мулоқот қилди

Президентимиз Олтиариқ туманидаги “Исмоил Нозим обод” фермер хўжалигида бўлиб, мазкур хўжалик мисолида Фарғона вилоятида пахта ва ғалладан олинадиган ҳосилни кўпайтириш ва такрорий экин экиш бўйича амалга ошириладиган ишлар билан танишди. 

2006 йили ташкил этилган “Исмоил Нозим обод” фермер хўжалиги 60 гектарда деҳқончилик қилади. Қишлоқ хўжалигида яратилаётган имкониятлар, фермер хўжаликларини ёнилғи-мойлаш материаллари, маблағ ва минерал ўғитлар билан таъминлаш тизими изчил йўлга қўйилаётгани самарасида жорий йилда 30 гектар ғалладан 85-90 центнердан ҳосил олиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, хўжалик 30 гектарда ғўзанинг «Наманган-77» навини парваришланмоқда.

Давлатимиз раҳбари пахта даласини, ғалла ўрим-йиғимининг боришини кўздан кечирди. Вилоят деҳқон ва фермерлари билан ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб олиш, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан мулоқот қилди.

Fermer 02.jpg

Қишлоқ хўжалиги учун мураккаб келган жорий йилда фермерлар олдида сувдан омилкорлик билан, тежаб фойдаланиш, далаларга такрорий экинларни тўғри жойлаштириш ва ҳосилдорликни ошириш, уруғ сифатини яхшилаш бўйича долзарб вазифалар турганини таъкидлаб, мутасаддиларга бу борада зарур топшириқлар берди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА