СОР29 анжуманига мезбонлик қилиш ҳуқуқи Озарбайжонга берилиши ушбу Ўзбекистонга қардош мамлакат ташаббусларининг халқаро майдонда қўллаб-қувватланиши тасдиғидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши бўйича доиравий Конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 29-сессияси (СОР29) барча аъзо мамлакатлар якдил фикри билан 2024 йил Озарбайжонда ўтказилиши тўғрисида қарор чиқарилиши ушбу мамлакатга халқаро миқёсдаги улкан ишончнинг яна бир намунасидир.

Шу муносабат билан Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Султон Маммадов маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

– Экология муаммолари глобал миқёсда кенг муҳокама қилиниши, атроф-муҳит билан боғлиқ масалалар энг долзарб мавзулардан бирига айланиши шароитида, жумладан, Озарбайжон ҳам дунёда экологик мувозанат сақланиши учун тизимли ва самарали саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. 30 йилдан кейин озод қилинган ҳудудларда амалга оширилаётган тадбирлар, хусусан “ақлли қишлоқ”, “ақлли шаҳар” лойиҳалари, Қорабоғ ва Шарқий Зангазур минтақаларини “яшил энергия” зонасига айлантириш стратегияси айни фикримизни яққол исботлайди.

Озарбайжон қайта тикланадиган энергия манбаларига алоҳида аҳамият қаратмоқда. 2030 йил охиригача турли хил қайта тикланадиган энергия маҳсулотлари яратилиши йўлга қўйилиши асосий мақсад этиб белгиланган. Бунинг учун қуёш, шамол ва сув электр станциялари қурилади.

Яшил энергия ишлаб чиқарилиши ва дунё бозорига олиб чиқилиши мамлакат энергетика сиёсатининг устувор йўналиши экани ҳақида Президент Илҳом Алиев қайта-қайта таъкидлайди.

Озарбайжон ҳозирги кунда қайта тикланадиган энергия манбаларига йўналтирилган инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улушига кўра етакчи мамлакатлар қаторидан жой олган. Бу Жаҳон иқтисодий форуми ҳисоботида шундай эътироф этилган:

– Ҳамма фактлар ишонч билан айтишга имкон берадики, Озарбайжонда экология муҳити соғломлаштирилиши, энергия ишлаб чиқаришда янги ва атроф-муҳитга салбий таъсир қилмайдиган методология янада кенг тарғиб қилиниши асосий йўналишлар сифатида муҳим ўрин эгаллаган.

“Тоза атроф-муҳит ва яшил ўсиш мамлакати” 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир 5 миллий йўналишдан бири сифатида белгилаб қўйилганини таъкидлаш жоиз. Озарбайжон айни мақсад йўлида аниқ ва ўйлаб босиладиган қадамлар қўяжак.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий Конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 29-сессияси – СОР29 Озарбайжонда ўтказилиши ҳақидаги қарор СОП28 анжумани доирасида, 2023 йил 11 декабрь куни ўтказилган ялпи мажлисида қабул қилинди. Шарқий Европа давлатлари томонидан илгари сурилган мазкур таклифдан сўнг Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ишғолдан озод қилинган ерларни “Яшил энергия” зонаси сифатида эълон қилди. Ушбу ҳудудларни 2050 йилгача “Netto nol emissiya” (соф ноль эмиссияси) даражасига чиқариш назарда тутилган.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, Бокуда ўтказиладиган мазкур нуфузли тадбир фақат экология масалалари кўтариладиган конференция эмас, балки мавжуд камчиликлар бартараф этилиши учун биргаликда самарали қадамлар қўйиладиган глобал форумдир. Долзарб муаммоларни кўтариш ва давомли равишда ҳал қилиш йўлларини топиш бўйича бошқа мамлакатлар билан ишлаш учун Озарбайжонда улкан имконият, салоҳият мавжуд. Демак, СОР29 мамлакатда иқлим ўзгариши салбий оқибатини камайтириш, яшил тажриба ташвиқотига йўналтирилган глобал ташаббуслар кўламини кенгайтириш имконини яратади.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

ЎзА