Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним Исроилова таваллудининг 109 йиллигига бағишлаб адабий-маърифий тадбир ўтказилди.

Халқимизда баҳор ва бахт, меҳр ва садоқат куйчиси, деб ардоқланувчи шоиранинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш тадбири шеърият, нафосат, ёшлик ва мусиқа байрами сифатида кўтаринки руҳда нишонланиши анъанага айлангани бу гал ҳам яққол намоён бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари, таниқли шоир Минҳожиддин Ҳожиматов мамлакатимизда Зулфияхоним ижодига эҳтиром кўрсатиш кейинги йилларда янада юқори босқичга чиққанини таъкидлади.

– Баҳоримиз хайрли, шукуҳли бошланади, – деди Минҳожиддин Ҳожиматов. – Сабаби миллий адабиётимизнинг қанчадан қанча фидойилари шу ойда таваллуд топган. Мамлакатимиз адабиётида Зулфияхонимнинг алоҳида ўрни бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси асосида Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним хотирасига файзли хиёбон, ижод мактаби, музей ташкил этилди. Зулфияхоним қайғуларини шодликка, эл шодлигига айлантирган ижодкор эди. Бу жиҳатлар ижодкорнинг сатрларида яққол намоёндир.

–Баҳор Зулфия опанинг шеърлари билан бошланади, – деди “Саодат” журнали бош муҳаррири, атоқли шоира Мунаввара Усмонова. – Зулфияхоним “Саодат” журналида умрларининг энг гўзал даврини – 32 йилини ўтказдилар. Аёлларнинг дарду ташвиши билан яшаш, уларга елкадош бўлиш, ёш ижодкорларга ғамхўрлик кўрсатиш улар фаолиятида устувор эди. Зулфияхонимга хос бўлган яхшилик, теран маънавият чегара, замон билмас экан. Бу тушунчалар бугун ҳам бардавом.

Адабий тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминова, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг илк соҳибаси Гулжамол Асқарова, таниқли шоира, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова Зулфияхоним ижоди ҳақида сўзлади.

Баҳор, аёл-қизлар саодати, Ўзбекистонни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Ўқишда, ижодда илғор қизларга фахрий ёрлиқлар топширилди. Адабий тадбирда Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА