Наримон Умаров: “Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги кўп қиррали”

ШҲТ доирасида парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланади.
Жорий йилнинг 26 май – 3 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг таклифига биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров бошчилигида парламент депутатлари ва сиёсий партиялар вакилларидан иборат делегация ушбу давлатда бўлди.
26-27 май кунлари Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар сиёсий партияларининг Форуми ушбу сафарнинг асосий воқеаси бўлди.
Форумнинг мақсади ШҲТга аъзо мамлакатлар парламентлари ва сиёсий партиялари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга қаратилди. Ушбу нуфузли анжуманда мезбонлар ва хорижий делегациялардан иборат жами 200га яқин иштирокчи, жумладан, 20та давлатдан 30дан ортиқ сиёсий партия, шунингдек, ҳамкор ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар вакиллари иштирок этди.
557a0fa5-56d9-439f-b140-be799d579624.jpg
Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Сун Тао форумни очиб берар экан, ШҲТнинг ўтган 17 йиллик фаолияти давомида амалга оширган ишлари, мақсад ва вазифалари ҳамда ташкилот олдида турган истиқболли устувор йўналишларга тўхталди. Хусусан, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйиб келинаётганини таъкидлади.
Сун Тао минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши биргаликда курашиш масалаларида ташкилотнинг нуфузи йилдан йилга ортиб бораётганлиги, ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларни қўшиб ҳисоблаганда дунё аҳолисининг учдан бир қисми ташкилотга аъзо давлатлар ҳисобига тўғри келаётганини баён қилиб, бу билан ташкилотнинг нуфузига баҳо берди.
Шунингдек, ШҲТга аъзо мамлакатлар парламентлари ва сиёсий партияларини ҳамкорлигини янада кучайтириш, ташкилотнинг фаолият доирасини кенгайтириш, хусусан, қашшоқликка қарши курашиш, минтақадаги экологик муаммоларни бартараф этиш каби масалаларни кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, форумда ШҲТга аъзо давлатлар ва ташкилотнинг кузатувчи мақомидаги давлатлар вакилларининг маърузалари тингланди.
bb9de3e2-8488-4c5a-864f-3bdaecd0bfbe.jpgЖумладан, Ўзбекистон делегацияси номидан Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров маъруза билан чиқиш қилди.
Н.Умаров Форум юксак даражада ташкил этилганлигини эътироф этиб, ушбу анжуман ШҲТ давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий, сиёсий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ва транспорт соҳаларида алоқаларни ривожлантиришда самарали механизм бўлиб хизмат қилишини қайд этди. Бунда Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлиги кўп қиррали бўлиб, стратегик ҳамкорлик даражаси изчил ўсиб бораётгани ва дўстлик, ўзаро ишонч тамойиллари икки мамлакат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари асосида жадал ривожланаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бориши ҳақида тўхталинди. ШҲТ доирасида ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, сармоявий, маданий ва бошқа соҳалардаги муносабатларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, Н.Умаров Ўзбекистон “Адолат” СДП етакчиси сифатида партиянинг мамлакатимиз сиёсий майдонида тутган ўрни ва роли, олдига қўйган дастурий мақсад-вазифалари, амалга ошираётган ишлари ҳамда ташаббуслари ҳақида маълумот берди. ШҲТ давлатлари сиёсий партиялари ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш ва илм-фан соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
4f43bd56-3c2a-4255-8d31-c3433254e5c5.jpg
Қолаверса, форумда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий Тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари чиқиш қилишди.
Мамлакатимиз делегация аъзолари ШҲТ доирасида ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда партиялараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини қайд этдилар. Шу жумладан, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо, инвестицион ва маданий алоқаларни жадаллаштириш, тадбиркорлар ўртасида бевосита мулоқотни ташкил этиш, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг қадимий шаҳарларида сайёҳлар алмашувини ривожлантириш таъкидланди.
Форумда иштирок этган бошқа давлатлар вакиллари томонидан ҳам ташкилот фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда унинг нуфузини ошириш юзасидан бир қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.
Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик расмий бўлиб қолмасдан, фуқаролар учун ҳам фойдали бўлишига эътибор қаратиш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, диний оқимларга қарши курашиш бўйича ташкилотнинг 2019 йилга мўлжалланган Дастурини ишлаб чиқиш, илм-фан ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлигини йўлга қўйиш, экологик муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, ёшлар ва аёллар форумини ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.
Қолаверса, Форум иштирокчилари Афғонистонда тинчликни таъминлаш юзасидан ШҲТ томонидан белгилаб олинган вазифаларни тўлиқ бажариш зарурлигини қайд этган ҳолда, жорий йилнинг 23 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясини қўллаб-қувватлашини билдириб ўтди.
Форум иштирокчилари хулосасига кўра, тадбир ШҲТ ва унинг тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни изчил ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш жараёнларини янада жадаллаштиришга хизмат қилиши эътироф этилди.
Форум тафсилотлари Хитой Халқ Республикаси ва хорижнинг бир қатор оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

 

ЎзА