AҚШ космик агентлиги инсон томонидан сайёрани ўрганишга тайёргарлик кўриш мақсадида бир йил давомида сунъий Қизил сайёрада яшаш учун тўрт нафар номзод қидирмоқда.
“Kazinform” ёзишича, биринчи босқчи давом этаётган “CHAPEA” номли уч босқичли миссиянинг мазкур иккинчи қисмида кўнгиллилар Техаснинг Хьюстон шаҳрида жойлашган NASAга қарашли Жонсон фазовий марказида 158 квадрат метрли 3Д-босма Марс симуляторида яшайди. Тадқиқот экипажнинг соғлиғи ва иш қобилияти билан боғлиқ ўзгаришни ўрганади.
“Mars Dune Alpha” номли симуляция манзили Марсда яшаш шароитига тақлидан ҳар бир кўнгилли учун тўрт хил уй, иш жойи, тиббиёт бўлими, дам олиш маскани, шунингдек ошхона ва озиқ-овқат тайёрлаш мажмуасидан иборат бўлади.
Марсдаги ҳақиқий ҳаётни акс эттириш мақсадида объектда ресурслар чеклананади. Саёҳатчилар сайёра юзаси бўйлаб сайр қилади, экин етиштиради, яшаш жойини саранжом сақлайди, шунингдек робот техникаси билан ишлайди. Улар сайёрада юз бериши мумкин бўлган одатий экологик ноқулай омиллар, масалан иссиқ ёки совуқ, ускуна ишдан чиқиши, алоқа узилиш ё кечикиши каби ҳолатларга дуч келиши мумкин.
2025 йил баҳорда бошланадиган Ердаги миссияда қатнашишни хоҳловчилар жорий йил 2 апрелга қадар ариза топшириши керак. Номзод 30-55 ёш оралиғидаги “мотивацияланган” AҚШ фуқароси бўлиши шарт. Инглиз тилини билиш ва зарарли одатлардан ҳимояланганлик ҳам талаб этилади.
Шунингдек, даъвогар “STEM” (Science, Technology, Engineering and Mathematics), яъни муҳандислик, математика, биология каби фанлар бўйича маълумотга, касбий тажрибага эга бўлиши зарур. Парвоз қилиш тажрибаси ва ҳарбий кўникма ҳам афзаллик ҳисобланади.
NASA ҳозиргача сайёра юзасини тадқиқ қилиш учун Марсга бир неча транспорт воситаси (робот) юборган. У ёқда “sol” деб аталадиган сутка 24,6 соат давом этади. Карбонат ангидрид, азот ва аргондан иборат атмосфера туманли, чангли қизил осмон ҳосил қилган. Ҳарорат +21 даражага кўтарилиши, -107 даражагача тушиши мумкин.
Гўзал Сатторова, ЎзА