Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, шу орқали уларнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳаларни жамоатчиликка етказиш мақсадида “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг молия бозорида деярли 33 йилдан буён фаолият олиб бораётган “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки бугунги кунда республика бўйича 21 та банк хизмати маркази ҳамда 70 дан зиёд офиси орқали юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг қамровли трансформация жараёнлари натижасида банк ўз фаолиятида рақамли технологияларни жорий этиб, мижозларга янада қулай ва тезкор бўлган таклифлар тақдим этмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари Оролбўйи аҳолисига беминнат хизмат қилиб келаётган “Туронбанк”нинг “Қорақалпоғистон Республикаси” банк хизматлари маркази фаолияти билан танишди. Айни вақтда у ўзига қарашли 4 та ихчам ва самарадор банк хизматлари офиси орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириб келмоқда. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларга ушбу марказ билан ҳамкорликда ўз фаолиятини ривожлантириб келаётган ишбилармонларнинг муваффақиятли лойиҳалари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Дастлабки манзил Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида жойлашган “Kardar academy school” замонавий хусусий мактаби бўлди. 2016 йилда ўқув маркази сифатида иш бошлаган корхона давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган шароитлар натижасида 2020 йилда йирик таълим муассасасини ишга туширди. Бугунги кунда бу ерда 330 нафар бола 1 синфдан 4 синфгача бошланғич ва 5 синфдан 9 синфгача катта синфларда билим олмоқда. Хусусий мактаб математика, информатика ва инглиз тили фанларини чуқур ўргатишга ихтисослашган бўлиб, Буюк Британиянинг “Cambridge Assessment” методикаси орқали таълим берилади. Ўқувчиларга кун давомида уч маҳал иссиқ овқат берилади. Асосий дарслардан сўнг эса менталл арифметика, шахмат, инглиз тили, рақс, хитой тили бўйича тўгараклар ташкил этилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати хусусий мактабга 60 нафар тажрибали педагог жалб этилган бўлиб, уларнинг қарийб 70 фоизи олий тоифали ўқитувчилардир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўқувчиларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган таълим ташкилотлари фаолияти ни такомиллаштириш ҳамда ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби ишларни амалга оширишда Президентимизнинг жорий йил 31 январдаги “Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбир иштирокчилари “Кардар” бренди остидаги корхона фаолияти билан танишди. 2012 йил Нукус шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган “Кардар” бренди остидаги корхона ёғоч ва темир эшик-ромлар, юмшоқ мебеллар ва темир буюмлари ишлаб чиқариш, шунингдек, темперли шишага ишлов бериш фаолияти билан шуғулланади. Қарийб 2 гектар майдонда бугун 10 дан зиёд ишлаб чиқариш бўлимлари мавжуд бўлиб, умумий ҳисобда 300 нафарга яқин ходим меҳнат қилмоқда. Темир, тахта ва шишанинг 100 дан ортиқ турлари мавжуд. Йилига 20 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 1,5 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан 1 миллион АҚШ доллари “Туронбанк” АТБ “Нукус” банк хизматлари марказининг кредити ҳисобланади.
Корхонага молиявий кўмак эвазига Хитой Халқ Республикасидан замонавий ускуна ва технологиялар олиб келинган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги махсус савдо марказлари орқали аҳолига сотилмоқда. Келажакда маҳсулотларни қўшни
давлатларга экспорт қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозим, корхонада имконияти чекланган фуқароларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. I гуруҳ ногиронлиги бўлган Рустем Утегенов икки йилдан буён шу корхонада фаолият олиб бормоқда. Бу ерга ишга келганида, пайвандлашни билмас эди. Устози Оринбай Анорбаевдан касб сирларини ўзлаштириб олди. Бугунги кунда ўзи мустақил темир панжаралар, турли нақшлар ишлаб чиқармоқда. Корхона раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Мурат Шимбергеновнинг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ҳудуд ташкил этиш режалаштирилган. Бу ерда 30 нафар киши иш билан таъминланиб, уларга барча шароит яратиб берилади.
“Kinderland nukus” 2014 йилда хусусий болалар боғчаси сифатида иш бошлаган. Бугунги кунда эса Нукус шаҳридаги йирик ва таниқли таълим муассасасига айланди. Дастлаб фаолият бошлаган пайтда ижарада ўтирган ташкилот “Туронбанк”нинг “Нукус” банк хизматлари маркази кредитлари эвазига ўзининг замонавий биносига эга бўлди. Бугунги кунда “Kinderland nukus” нафақат боғча, балки хусусий мактабга ҳам айланди. 1 синфдан 5 синфгача бўлган босқичда 170 нафарга яқин бола тажрибали ўқитувчилар томонидан, шунингдек, яна 150 нафари боғчада тарбияланмоқда. Таълим бераётган 11 нафар педагогларнинг барчаси олий тоифали. Тадбир иштирокчилари таълим-тарбия жараёнлари билан ҳам танишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса авваллари хориждан олиб келинадиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Замонавий технологиялар асосида шиша толасини ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳасини илгари сурган “Asadbek Glass Fiber» масъулияти чекланган жамияти учун 2024 йилда хорижий инвесторлар томонидан 1,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги маблағ киритилиши белгиланган. Ҳозирда кунига қурилиш соҳасида кенг қўлланиладиган 2,5-3 минг метр квадрат тўр тўқилиши йўлга қўйилган корхонада 13 нафар маҳаллий аҳоли ишламоқда. Ҳозирда Россиянинг Доғистон Республикаси билан ҳамкорликда йилига минг тонна шиша толаси ишлаб чиқариш қувватига эга яна бир лойиҳанинг ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳа ишга тушиши билан 50 та иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 80 фоизи экспортга чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Дарҳақиқат, “Туронбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, кўплаб янги иш ўринларини яратишга, энг асосийси, аҳолининг бугунги кундан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА