Россиянинг Украинага нисбатан икки йилдан бери давом этаётган кенг кўламли амалиёти туфайли баъзи ғарб давлатларида урушдан чарчаш ҳолати кузатилмоқда. НАТО Москвага қарши бирликни сақлаб қолди. Демак, Россия АҚШдаги сайлов олдидан асосий рақиб кўринади.
Финляндия кириши билан жонланган Альянсга Швеция ҳам қўшилиш арафасида. Ғарб пойтахтларида Россиянинг Украинадаги ғалабаси халқаро геосиёсий ҳолатни ғарб манфаати ҳисобига ўзгартириши мумкин, деган қараш мавжудлигига қарамай, минтақада бўлиниш мавжуд.
Болтиқ бўйи Европа Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтириши тарафдори бўлса-да, Венгрия, Словакия каби НАТОга аъзо айрим давлатлар Украинага нисбатан шубҳа билан қарайди. Масалан, ўтган йил Нидерландия ва Словакияда бўлиб ўтган сайлов натижаси “Украинани қўллашда НАТО якдилми ёки йўқ?”, деган саволни жавобсиз қолдирди.
Ўтган йил ноябрь ойида
Амстердамнинг Киевга ҳарбий ёрдамини тўхтатиш тарафдори бўлган Геерт Вилдерснинг ўта ўнг “Озодлик учун” партияси парламент сайловида ғалаба қозонди. Сентябрда эса “Кремлпараст” дея таърифланган Роберт Фиконинг “Словакия Социал-демократияси” партияси парламент сайловида 22,9 фоиз овоз олиб, барча рақобатчиларни ортда қолдирган. Бинобарин, баъзи экспертлар таъкидлашича, бу ҳолатлар НАТОнинг умумий позициясини заифлаштира олмайди.
2005-2009 йиллар АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евросиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари бўлган Метью Брайза навбатдаги сайлов Ғарбнинг Киев билан бирдамлигига таъсир қилмайди, деб ҳисоблайди. Венгрия яқинда Брюссел Украинага ажратган 50 миллиард евро (54 миллиард доллар) миқдоридаги қўшимча ҳарбий-иқтисодий ёрдамни тўхтатишга ҳаракат қилган эди. Ташкилот бошқача қарашга эга бир неча раҳбардан кучлироқ эканига урғу берган Брайза. Словакиянинг янги ҳукумати Украинага танқидий нуқтаи назардан қараса-да, расмий Братислава Ғарбнинг Москвага қарши бирлигини бузишга ҳаракат қилгани йўқ.
Ғарбда уруш чарчоғи
Можаро давом этаркан, Ғарб дунёсининг баъзи ҳудудларида чарчоқ сезилмоқда. Бунга қарши энг яхши восита Украинанинг ғалабаси бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Низо узоқ давом этиши Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам етишмовчилигига олиб келади.
АҚШ қўлловида ноаниқлик
Қўшма Штатлардаги президентлик сайловининг Украина келажагига таъсири ҳақида ҳозир бирор нима дейиш қийин. Сиёсатчилар ноябрда кутилаётган Байден ва Трамп пойгаси жараённи қийин вазиятга тушириб қўйиши мумкин. Собиқ президент Украинага ёрдам қўлини чўзиш истагида эмас. Қолаверса, бу икки сиёсатчининг НАТО ҳақидаги тушунчаси тубдан фарқ қилади.
Таҳлилчилар тахминича, агар Трамп ғалаба қозониб, Европа Иттифоқи кейинги Европарламент сайловидан кейин ўта ўнглар қўлига ўтиб кетса, халқаро ҳамжамият нозик вазиятда қолади. Вашингтон Киевни қўллашдан тўхтаса, Европа давлатлари бўшлиқни тўлдиролмайди. Ўт очишни тўхтатишга мажбур бўлиш Украинани мағлубият томон етаклайди. Россиянинг ғалабаси эса АҚШ ва иттифоқчилар учун салбий геостратегик оқибатни келтириб чиқаради. Мағлубият Ғарб манфаатига тўғри келмайди.
Сардор Поёнов, ЎзА