Қорақалпоғистон Республикасида Элликқалъа туманида “Пиллачилик соҳасидаги замонавий технологияларни жорий этиш” мавзусида илмий-амалий ўқув -семинар бўлиб ўтди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда ҳудудий “Aгропилла” масъулияти чекланган жамияти ходимлари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари, агрономлар, пиллачи касаначилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда туман ҳокими В.Ниязимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Х.Очилов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда пиллачиликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталди.
Таъкидланганидек, Президентимиз раислигида 12 февраль куни қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари қаторида пиллачиликни ривожлантириш истиқболи ҳам тилга олинди. Жумладан, пиллани Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида саноат усулида етиштириш йўлга қўйилиб, ўрма тутзорлар барпо этилади.
Тармоқда моддий манфаатдорликни ошириш учун икки босқичда бозор тамойилларига ўтилади. Бу йил биринчи босқичда пилла нархи 25 фоизга оширилади. Аҳолига пилла етиштириш учун субсидия берилади ва пилла етиштирувчилар даромад солиғидан озод қилинади. Иккинчи босқичда 2025 йилдан нархни давлат белгилаши, кластерларга муайян туман ва фермерлар бириктирилишидан воз кечилади ва пилла фермер билан кластер ўртасида эркин нархда тузиладиган шартнома асосида ёки биржа орқали сотилади.
Шунингдек, пиллачилик озуқа-ем базасини кўпайтириш учун бу йил далалар атрофида l50 миллион янги навли ҳосилдор тyт кўчатини экиш, Ипакчилик институти ҳузурида 2 та наслли уруғлик станциясини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Ушбу топшириқлар асосида соҳада ўқув-семинарларни ташкил этиш, “лидер агроном аёллар” ва пиллакорларни ўқитишнинг тизимли шаклини йўлга қўйиш, уларга ўқув материалларини етказиб бериш вазифаси қўйилди.
Семинар иштирокчиларига пиллани саноат усулида етиштиришни йўлга қўйиш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, ипак қуртини хонадонларга тарқатиб, ўрма тутзорлар ташкил қилиш ва уй шароитида тайёр ипак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тушунчалар берилди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири