Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Назархан овулидаги 3-сонли умумтаълим мактабида бундан 56 йил олдин ана шу мактаб остонасидан катта ҳаёт сари қадам ташлаган собиқ битирувчиси билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон судлари судьялари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда фахрий судьялар иштирок этди.
Ҳозир мактабларда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мустақил ишлаши, қобилиятини ривожлантириши учун махсус ускуналар билан жиҳозланган қўшимча хоналар, аудиториялар, замонавий табиий фанлар лабораториялари, информатика хоналари, робототехника устахоналари ҳамда спорт майдончалари мавжуд. Асосийси, энг чекка қишлоқ жойлардаги мактабларда ҳам замонавий шароитлар яратилган. Эндиликда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Парахат Айтниязов ҳам айнан ана шу қишлоқдаги оддий мактаб ўқувчиси бўлган. Синфдошлари каби бир олам орзулар оғушида мактабни тамомлагач, ўз мақсади йўлидан оғишмай, келажакка интилди. Унинг ўқиб- изланиши, ана шундай сабр-матонати, ўзига нисбатан талабчанлиги бугун эл-юрт ҳурматини қозонишига замин яратди. Албатта, бунда мактабдаги устозларининг хизмати беқиёс.
Инсон қандай мавқе ва даражага эришмасин, бунда устозларнинг хизмати катта. Шу боис ҳар бир инсон муваффақиятлари учун устозлардан доимо миннатдор бўлиши керак. Ўтган ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида Парахат Айтниязов хўжаликда ишчи, заводда диспетчер бўлиб ишлади. Сўнг Тошкент давлат университетида, кейинроқ Россия бошқарув академиясида таҳсил олди.
У 1980 – 2020 йилларда Нукус шаҳар судининг стажёр судьяси, судья, Қўнғирот туман судининг раиси, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари, Москвада собиқ иттифоқ Адлия вазирлигида катта маслаҳатчиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бошқарма бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг катта консультанти, Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси раисининг ўринбосари лавозимларида ишлади. Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, “Дўстлик” ордени, “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳибига айланди. Бугунги кунда эса Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси бўлиш билан бирга, Халқаро юристлар иттифоқи мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси марказий кенгаши аъзосидир.
Тадбирда инсон ҳалол ва фаол меҳнати билан элда азиз бўлиши алоҳида таъкидланди. Парахат Айтниязовнинг ҳаёти ва фаолияти барчага ўрнак этиб кўрсатилди. Учрашувда бугунги ёш авлодга эртакдай туюладиган оғир шароитга қарамай, устознинг тинимсиз ўқиб, излангани натижасида элнинг азиз инсонига айлангани қайд этилди. Бундан ташқари, ўқитувчиликдек шарафли касб эгаларига алоҳида ташаккурлар айтилиб, ушбу мактабдан яна тадбир қаҳрамонидек фидойи инсонлар етишиб чиқишига тилак билдирилди.
Тадбирда мактабга Судьялар олий кенгашининг Парахат Айтниязовдек фахрий судьяга ҳурмат, мактаб маъмуриятига миннатдорлик белгиси сифатида тадбир қаҳрамони таржима ҳоли зарб этилган пешлавҳа ҳамда турли китоблар топширилди. Учрашувда халқимизга хос бебаҳо қадриятлар бўй кўрсатди. Айниқса, ёшлар бу тадбирдан ўзларига катта таассурот олганлигини яшириб ўтиришмади.
Ҳаёт – ширин неъмат. Аслида бу тотли ҳаёт турли ташвишу синовлари билан қизиқ. Яқинлар даврасидаги шўх-шодон ҳангомалар, илм олиш йўлидаги тинимсиз изланишлар, китоб мутолааси, ёру биродарларнинг яхшию ёмон кунида шерик бўлиш – булар биз яшаб турган дунёнинг мазмунидир. Ана шундай том маънодаги бахтли умр кечириш ёш авлодга ибрат сифатида таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири