Тошкент шаҳар судида давом этаётган “Док-1 макс иши”да суд тергови ниҳоясига етиб, судланувчиларга қандай жазо берилиши муҳокама қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил куз ойларида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 макс” ва бошқа дори воситаларининг текширилмаган бир қисми дорихоналарга чиқиб кетиши ортидан 68 нафар гўдак вафот этган, бир неча нафар бола ногирон бўлиб қолган.

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислик қилаётган суд жараёнида 23 нафар шахснинг айблилик масаласи кўриб чиқилмоқда.

Навбатдаги суд мажлисида адвокатлар прокурор томонидан эълон қилинган айблов бўйича муносабат билдирди.

Маълумот учун: Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори Саидакром Акилов томонидан эълон қилинган айбловда “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти раҳбари бўлиб ишлаган ҳиндистонлик С.Р.П.га узил-кесил ўташ учун 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташини белгилаш сўралган.

Судланувчилар К.С., А.А., М.Н., Ш.Ш.га 18 йилдан, Э.Ж.га 11 йил, К.Б.га 10 йил 1 ой, М.Н.га 8 йил 1 ой, М.Э.га 5 йил, С.Г.га 3 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташни белгилаш сўралган.

Т.Ф.га 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони манзил колониясида ўташини белгилашни, С.С, Ш.Ж, Ж.А.га 5 йилдан муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони манзил колонияда ўташини белгилашни, мазкур жазоларни шартли деб ҳисоблаб, ҳар бирига 2 йил синов муддати белгилашни сўраган.

Х.Г.га 5 йил, Б.Г.га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, Х.М.га 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони манзил колониясида ўташини белгилашни, Х.Ш. ҳамда Ш.Н.га 4 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, А.Ш., Ф.Ф. ҳамда М.И.га 3 йил 6 ой муддатдан озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, Н.Ф.га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаш сўралган.

Р.С., Б.Қ., Э.М.дан солидар тартибда 9 миллиард 688 миллион 409 минг 700 сўм солиқ қарздорлигини давлат фойдасига ундириш сўралган.

Қилмиши нисбатан оғир деб ҳисобланаётган 8 нафар судланувчидан 68 нафар вафот этган ва 16 нафар оғир тан жароҳати олган болаларнинг қонуний вакилларига 100 миллион сўмдан ва 2 нафар енгил тан жароҳати олган болаларнинг қонуний вакилларига 20 миллион сўмдан моддий зарар ундиришни, қолган етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик тартибида судга мурожаати қилиш ҳуқуқлари борлигини тушунтириш қайд этилган.

Суд мажлисида сўз олган адвокатлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори бўлиб ишлаган К.С.га нисбатан илгари сурилаётган айбловда исбот талаб қиладиган жиҳатлар борлигини билдирди.

Адвокатлардан бири терговда олиб борилган сўроқлар йўналишидан жиноят иши бўйича фақат уни айблашга ҳаракат қилинганини маълум қилди. Кейинчалик муаммога сабаб бўлган дори воситалари билан боғлиқ экспертлар кенгаши мажлисида у иштирок этмагани айтиб ўтилди. Мазкур мажлисда текширувга тушган дори воситаларини жадвалдан чиқариш масаласи кўрилган. Масъул шахслар буни бажаришга ваъда берган, лекин амалда буни бажармаган. Аксинча, ўша дори воситаларига оид гувоҳномаларнинг амал қилиш муддатини яна 5 йилга узайтириб берган.

Бу ишда кимлар, қайси судланувилар қанчалик айбдор? Бунга одил суд аниқлик киритади. Зеро, судда охирги сўзни судья айтади.

Норгул Абдураимова,

Дониёр Якубов (видео), ЎзА мухбирлари