Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича давом этаётган Осиё чемпионати баҳсларида Шимолий Корея терма жамоаси аъзолари олтин медалларни қўлга киритмоқда. Бугун, 6 февраль кунги мусобақаларда ҳам ушбу мамлакат вакиллари олтин медалли бўлди.

Аёллар ўртасида 64 килограммдаги беллашувларда Шимолий Корея вакили Пи Сук (112+141) 253 килограмм билан 1-ўринни, Хитой Тайпейи спортчиси Ли Веи Хиа (85+118) 203 килограмм билан 2-ўринни, Жанубий кореялик Парк Мин Кюнг (86+116) 203 килограмм билан 3-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Озода Ҳожиева (85+107) 192 ва  Шаҳноза Жабборова (84+100) 184 кўрсаткичга эришиб, 6 ва 7-ўринлардан жой олди.

Эркаклар ўртасида 73 килограмм вазнда кечган баҳсларда терма жамоамиз аъзоларидан Муҳаммадқодир Тоштемиров (146+170) 316 кг (9-ўрин), Достон Ёқубов (146+184) 330 кг (4-ўрин) натижаларни қайд этди.

Айтиш лозим, ҳамюртларимизнинг даст кўтариш ва силтаб кўтаришдаги натижалари Халқаро оғир атлетика федерациясидаги рейтинг балларини яхшилашга хизмат қилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Ушбу вазнда индонезиялик Раҳмат Ирвин Абдулла силтаб кўтаришда 204 килограмм тошни бўйсундирган ҳолда ўзига тегишли Осиё ва жаҳон рекордини янгилаш билан иккикураш натижасига кўра, олтин медаль соҳиби бўлди. Ҳамюрти Ризқи Жунаиншахга кумуш, япониялик Масанори Миёмотога бронза медали насиб қилди.

Эртага, 7 февраль куни қитъа чемпионатининг навбатдаги дастурида оғир атлетикачиларимиздан Машҳура Рустамова ва Ригина Адашбоева баҳсларга киришади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА