Тошкентдаги «Пойтахт» бизнес марказида 31 май – Халқаро кашандаликка қарши кураш куни муносабати билан «Ўзбекистонда тамакига қарши курашиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев ва бошқалар мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг кашандаликка ружу қўйишининг олдини олиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида юртимизда кашандаликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Бу йилги Халқаро кашандаликка қарши кураш кунининг мавзуси «Тамаки ва юрак-томир касалликлари» деб номланди.

Тамаки истеъмол қилиш юрак ишемик касаллиги, инсульт ва периферик томирлар касалликлари ривожланишининг хавфли омилларидан биридир. Дунё бўйича юрак-томир тизими касалликлари туфайли вафот этаётган одамлар сони ошмоқда. Ҳар йили глобал тамаки эпидемияси деярли 7 миллион инсон умрига зомин бўлмоқда. Улардан 900 мингдан ортиғи чекмайдиган, лекин тамаки тутуни таъсири остида заҳарланганлардир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистонда катталар орасида чекишнинг тарқалгани тўғрисидаги сўнгги кўрсаткичларига асосланган прогнозга кўра, ҳозирда 2,8 миллион кашандаларнинг ярмидан кўпининг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Тадбирда тамакига қарши курашиш бўйича ишлаб чиқилган «йўл харитаси»да берилган вазифаларни оғишмай ижро этиш, бу жараёнга кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишга келишиб олинди.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА