Мамлакатимизга Эрон Ислом Республикасининг йўллар ва шаҳарсозлик вазири Аббос Охундий бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Меҳмонлар дастлаб «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси О.Раматов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг турли йўналишлари, жумладан, йўлсозлик, транспорт-логистика соҳаларида ҳам жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Мамлакатларимиз ўртасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Икки давлат ўртасида транспорт соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган бўлса-да, мунтазам қатновларни йўлга қўйиш, сайёҳликни ривожлантириш бўйича фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.
Делегация аъзолари шу куни қатор вазирлик ва ташкилотларда бўлиб, ўзаро ҳамкорликни равнақ топтириш юзасидан фикр алмашди.
Меҳмонларнинг Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ташрифи режалаштирилган.