Миллий матбуот марказида «Оммавий ахборот воситаларида тил, услуб ва таҳрир масалалари» мавзуида VI илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 100 йиллигига бағишланган мазкур анжуман Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва ЎзМУ Журналистика факультетининг «Услубият ва таҳрир» кафедраси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари Х.Салимов, Ўзбекистон Миллий университетининг илмий ишлар бўйича проректори О.Холмуҳамедов, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири А.Мелибоев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда адабиёт, маданият соҳалари каби миллий медиа соҳани замон талабларига монанд равнақ топтиришга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2018 йил 24 майдаги «Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари мазкур соҳа равнақига кўрсатилаётган эътиборнинг кўламидан дарак беради.

Маълумки, оммавий ахборот воситалари ижтимоий онгни шакллантириш ва акс эттиришнинг муҳим воситаси саналади. Анжуманда қайд этилганидек, оммавий мулоқот тили ва услуби кундалик умумадабий сўзлашув нутқи эҳтиёжлари ва қонуниятларига асосланмоғи лозимдир. Негаки, ахборотни қайта ишлаш ва узатиш жараёнлари уни қабул қилиш ва тушуниш қонуниятларига мос тарзда амалга оширилади.

Анжуманда оммавий ахборот воситалари матнларининг тили, услуби, таҳрири соҳасидаги мавжуд долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари, матнларнинг таъсирчанлигини ошириш йўллари, ноширлик соҳасини ривожлантириш истиқболларига оид янгиликлар, инновацион ғоялар ва технологиялар борасидаги масалалар медиа соҳасидаги олимлар, илмий тадқиқотчилар ва малакали амалиётчи-мутахассислар томонидан атрофлича муҳокама этилди.

Тадбир якунида конференцияда фаол қатнашган талабалар, соҳа вакиллари, олимларга дипломлар топширилди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА