Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини рақамлаштириш ҳамда такомиллаштириш учун зарур ахборот тизимларини ишга тушириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири саналади.

Хўш, рақамлаштириш жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қандай имкониятларни тақдим этади?

Сир эмас, рақамлаштириш жамиятда коррупциянинг олдини олишда, бошқа соҳалар сингари спорт тизимида ҳам очиқлик ва шаффофлик кўрсаткичларининг юқорилигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда ўтган икки йил давомида жисмоний тарбия ва спорт тизимининг 24 йўналишида соҳани рақамлаштириш ишлари бошланиб, бугунгача 22 та ахборот тизими ишлаб чиқилди. Улардан 18 таси амалиётга жорий этилди.

Мазкур ахборот тизимларини самарали ва узлуксиз ишлатиш, маълумотларни ўз вақтида киритиб бориш учун спорт таълим муассасаларига 377 та компьютер жамланмаси марказлашган тарзда етказиб берилгани ҳамда рақамлаштириш йўналишидаги ишларни амалга ошириш учун зарур маблағлар йўналтирилгани маълум бир ютуқларга эришишга замин яратди.

Биргина ўтган 2023 йилда юртимиздаги мавжуд спорт таълим муассасаларига иқтидорли спортчи ёшларни қабул қилишда “ERP-sport” ягона электрон бошқарув тизими жорий этилиши коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш билан бирга иқтидорли спортчилар, мутахассисларнинг ягона электрон базасининг ишга тушишига омил бўлди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги маълумотига кўра, давлатимиз томонидан яратилган имкониятга қарамасдан, жойларда ушбу ахборот тизимларини амалиётга жорий этиш, маълумотларни тизимга киритиш борасидаги сусткашликлар, совуққонликлар сабабли ўнлаб иқтидорли ёшлар белгиланган тартибда аниқланмади.

Мисол учун, спортчиларга спорт паспортларини бериш кўрсаткичи Андижон ва Сурхондарё вилоятларида 50 фоизга ҳам етмагани, спорт инвентарлари ва жиҳозлари тўғрисидаги маълумотларни электрон шакллантириш бўйича ишлар Сирдарё, Жиззах вилоятларининг айрим туманларида йўлга қўйилмагани спорт тўгарак ва гуруҳларидаги машғулотларнинг тўлақонли олиб борилишига соя ташлади.

Худди шунингдек, 2023 йил давомида спортчиларнинг натижаларини электрон тизимга киритиш кўрсаткичи Сирдарё, Бухоро вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида 25 фоизга етмагани, машғулот жадвалларини электрон тизим орқали юритилиши белгиланган бўлсада, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қониқарсиз экани таассуфли ҳолдир.

Ватан шаънини улуғлаш кичик спорт майдонларидан бошланади. Бугун ахборот тармоқлари фаол бўлган даврда юртимиздаги ҳар бир спорт тўгарагини, унда шуғулланишга киришган навқирон авлод вакилларининг рўйхатини электрон тизимларда қайд этиб бориш, рақамлаштириш уларнинг келгуси кўрсаткичларига, мураббийларнинг моддий ва маънавий қўллов олишига катта туртки бўлади. Бу эса оловқалб спортчиларимизнинг, уларнинг мураббийларининг янги-янги ғалабаларга эришиш йўлидаги эшикларнинг кенг очилишига, жамиятда ҳақиқий истеъдодлар кашф этилишига олиб келади.

 Тўлқин Рўзиев, ЎзА