Хитой Халқ Республикаси халқаро майдонда ўз ўрнига эга, ривожланган давлат сифатида иқтисодий юксалиш ва ялпи ижтимоий маҳсулот ҳажми бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Хитой билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон манфаатига тўлиқ мос келади.

Давлатларимиз ўртасидаги самимий алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Тарихий манбаларда келтирилишича, милоддан аввалги 138 йилда Хитой императори У-Ди Чжан Цянни Ўрта Осиё ерларига жўнатади. Элчи Чжан Цян хуннларга қарши курашиш учун иттифоқчи излаб келган эди. Кейинчалик Чжан Цян юрган йўлларда Хитойни Ўрта ва Ғарбий Осиё билан боғлайдиган карвон излари пайдо бўлади. Бу йўл “Буюк ипак йўли” деб аталиб, узунлиги 12 000 км эди. Ўз даврида беқиёс аҳамиятга эга бўлган бу йўлнинг дастлабки тармоғи Хитойдаги Сиань шаҳридан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон, Месопотамия орқали Ўрта Ер денгизигача чўзилган.

Бундан 32 йил аввал Марказий Осиёдаги беш давлат мустақилликка эришгач, дастлаб кучли шериклар топишга интила бошлади. Хитой Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан кенг қамровли стратегик шериклик ўрнатган. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ҳам минтақа ижобий томонга ўзгаришини таъминламоқда.

ШҲТ, “Бир макон, бир йўл” сингари Хитой иштирокидаги ташаббуслар аввалдан мавжуд бўлса-да, расмий Пекин Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан янгича форматдаги шерикликка ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ривожланаётган мамлакатлар сифатида Марказий Осиё ва Хитой ўз халқи ҳаётини яхшилашга интилади. Мамлакатларимиз фақат ривожланиш орқалигина хавфсизлик муаммосига барқарор ечим топиш мумкинлигини якдил маъқуллашади.

2013 йил сентябрь ойида Хитой раиси Си Цзиньпин Қозоғистонга ташриф буюриб, биринчи марта қадимги Буюк Ипак йўли бўйлаб иқтисодий белбоғни биргаликда тузиш яхши фикр бўлиши мумкинлигини айтди. Денгиз Ипак йўлининг қайта тикланишидан бир ой ўтгач, бу ташаббус “Бир макон, бир йўл” дея номланди.

“Бир макон, бир йўл” фаол ишлайди, чунки бу жараён очиқ, шаффоф. Шериклар ҳар қадамда тафсилотни муҳокама қилишади, келишилган “йўл харитаси” асосида ҳаракатланишади. Тенглик ва ўзаро манфаатдорлик руҳи ҳукмрон.

Бундан ташқари, мазкур ғоя логистикани мувофиқлаштиришга ҳам мислсиз кўмак беради. Хитой – Марказий Осиё табиий газ қувури, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль йўли, Қамчиқ туннели каби йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Натижа – 2022 йил умумий савдо ҳажми рекорд даражага чиқди – 700 миллион доллар. Қиёсланса, 1992 йил айни кўрсаткич, атиги, 460 миллион доллар эди.

Чуқурроқ таҳлил этилса, гуллаб-яшнаётган ҳамкорлик илдизи узоқ тарихга тақалади. Марказий Осиё Ғарбий Хитой билан кўп қиррали алоқага эга. “Тенгри Таг” номи билан ҳам танилган Тиёншон тоғи бўйлаб инсонлар ўртасидаги алмашинув 2000 йил олдин бошланган ва бугунги кунда анча мустаҳкам асосга эга.

– Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги Ўзбекистонни барпо этиш кун тартибида экология ва атроф-муҳитни асраш масалалари муҳим ўрин эгалламоқда, яшил энергетикани фаол ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Цзюнь. –  Президент Шавкат Мирзиёев “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этиб, яшил тараққиёт бўйича олий даражадаги форумда биринчи бўлиб нутқ сўзлади. Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёда иқлим ўзгариши билан боғлиқ жиддий муаммоларга халқаро жамоатчилик эътиборини қаратди, “Яшил ипак йўли” ташаббусини қўллаб-қувватлади, халқаро ҳамкорлик доирасида ушбу лойиҳани кенгайтириш, бу йўналишда қатор аниқ чоралар амалга оширишни таклиф қилди.

Ўзбекистон раҳбарининг нутқи яшил тараққиётга интилиш муҳимлигини, бутун инсониятнинг эртанги куни учун масъулиятни акс эттирадики, буни Хитой томони юқори баҳолайди. Нутқда илгари сурилган ташаббуслар “Макон ва йўл” доирасида яшил тараққиётга эришиш борасидаги Пекин ёндашувига ҳамоҳанг.

Эътироф этиш керак, 2023 йилнинг ўзида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан икки бор учрашди. Учрашувларда етакчилар ўртасида ҳамкорлик бўйича янги келишувларга эришилди. Икки томонлама муносабат бўйича режалар ишлаб чиқилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланмоқда. Ҳудудлар ўртасида алоқа фаоллашган. Ўзбекистонга Шинжон-Уйғур мухтор тумани, Шаньдун, Шэньси, Цзянсу ва Цзянси музофотлари делегациялари ташриф буюрди. Маданий-гуманитар алоқа ва таълимдаги алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент Си Цзиньпин таъкидлаганидек, ўзаро манфаатли ҳамкорликсиз улуғвор вазифаларни енгиб, яхши мақсадга эришиш мумкин эмас. Aхир бошқаларга ёрдам бериш орқали сиз ўзингизга ёрдам берасиз. Бошқаларнинг ривожланиш муваффақияти ва иқтисодий ўзаро боғлиқлигини таҳдид ва хавф сифатида қабул қилиш ҳеч қандай ўсишга олиб келмайди. Хитой бозорга киришни осонлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, кўпроқ мамлакатлар билан эркин савдо битимлари ва инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича битимлар тузиш, “Бир макон бир йўл” доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва маҳаллий бандлик ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни давом эттиради. Бу қадамлар дунё мамлакатларини модернизация қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур ташаббус ривожланиш йўлидаги асосий сабаблар ва тўсиқларни бартараф этишга, иштирокчи мамлакатларнинг мустақил ривожланиш салоҳиятини оширишга ва барқарор ривожланишга эришишга кўмаклашишга қаратилган. “Бир макон бир йўл”  ташаббуси Хитойда пайдо бўлган, аммо бутун дунё бўйлаб фойда ва имкониятлар олиб келади. Бу ривожланиш, ҳамкорлик ва очиқлик ташаббусидир. У ривожланишга йўналтирилган бўлиб, ўзаро манфаатларга ёрдам беради.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари Янги Ўзбекистонни барпо этиш кун тартибида муҳим ўрин тутади. Янги энергетикани фаол ривожлантириш ва иқтисодий тараққиётнинг яшил ўзгаришига кўмаклашишга катта эътибор қаратилмоқда.

Хитой томони янги энергия манбалари, инновациялар, ҳудудлараро алмашинув соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлайди ва юқори сифатли ўзбек маҳсулотлари импортини оширишдан манфаатдор.

Шунингдек, Хитой кўпроқ ўзбекистонлик талабаларни қабул қилишга ва стипендия квоталари ҳажмини оширишга эътибор қаратмоқда. Икки давлатнинг маданий марказларини ташкил этиш ва Лубан устахонасини очиш ишларини жадаллаштириш, қашшоқликни қисқартириш соҳасида алмашинув ва ҳамкорликни фаоллаштириш устида иш олиб борилмоқда.

Ўзбекистон қашшоқликка қарши кураш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш ва жорий этишдан манфаатдор ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида иқтисодиёт ва савдо, сармоя, транспорт ва бошқа соҳаларда мулоқот ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилмоқда.

Ўтган 10 йил давомида Хитой ташаббуси доирасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ижобий натижаларга эришди. Хусусан, сиёсий мулоқот чуқурлашди. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги ва асосий сармоя манбаи ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, ўтган йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 9 миллиард 400 миллион AҚШ долларини ташкил этди. 2017 йилдан буён Хитойнинг Ўзбекистонга киритган жами сармояси 4 баробарга ошиб, 11 миллиард AҚШ долларига етди.

Сўнгги 5 йил ичида Хитой компаниялари сони ортиб, 1900 тадан ошди. Инфратузилма, кимё саноати, энергетика, сув хўжалиги, транспорт, коммуникация каби турли соҳаларда кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилди.

Транспорт алоқаси даражаси ошиб бормоқда. Aйни пайтда Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Хитой – Марказий осиё” газ қувури барқарор ишламоқда, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” автомобиль йўли ҳамда “Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон” темир йўли бўйлаб трансчегаравий ташиш самарадорлиги таъминланмоқда.

Хитой ташаббуси туфайли Марказий Осиё давлатлари шарқда денгизга қулай ва самарали чиқиш имкониятига эга бўлди. Хитойнинг Цзянсу провинциясидаги Лянюнган порти орқали Ўзбекистондан Япония, Жанубий Корея ва Жануби-шарқий Осиё каби бошқа давлатларга товарлар етказиб бериш одатий ҳолга айланган.

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлига келсак, ушбу лойиҳа “Хитой-Марказий Осиё-Ғарбий Осиё” иқтисодий коридорини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Халқаро ташишни соддалаштириш ва халқаро таъминот занжири хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради. Ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши якунланди. Уч томон қурилишни тезроқ бошлаш учун шарт-шароит яратишга интилиб, аниқ ишларни мувофиқлаштиришни фаоллаштирмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Марказий осиё, айниқса, Ўзбекистон ва Хитойни яқин дўст, ҳамкор сифатида бирлаштирган қадриятлар талайгина. Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари эса ушбу қадриятларни янада юксалтирмоқда. Эришилган натижалар эса Ўзбекистон — Хитой муносабатларида янги саҳифа очади.

Гўзал Сатторова, ЎзА мухбири