Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 12-1-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Бугунги кунда юртимизда интернет тезлиги салмоқли даражада ошди, ундан фойдаланиш нархи пасайди, — деди депутат У.Жабборов. — Натижада юртимизда ундан фойдаланувчилар сони кескин кўпайди. Бунинг натижасида Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ўзгаларга тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш одатий тусга айланиб бормоқда. Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ривожлантириш ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳуқуқни қўллаш амалиётида интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда юқоридаги каби муаммолар мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 12-1-моддасига ахборот ресурси эгасининг интеллектуал, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги шахсий жавобгарлигини оширишни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари, экспертлар, ҳуқуқшунослар иштирокида бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда депутатлар томонидан берилган таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, асосли деб топилганлари қонун лойиҳаси матнида сингдирилди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши интеллектуал мулк соҳасини янада такомиллаштириш, шу жумладан, тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган зурур шарт-шароитларни яратиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва албатта, инвестициявий жозибадорликни юксалтириш орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини янада яхшилашга хизмат қилади, — деди маърузачи.

Мажлисда қонун лойиҳасининг аҳамияти эътироф этилиб, иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА