Пойтахтимиз яна бир йирик анжуманга мезбонлик қилмоқда. Бугун Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур анъанавий тадбир қисқа муддатда истиқболли шериклар билан мулоқот қилиш янги келишувларга эришишда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим майдонга айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаган ялпи сессияда БМТ Бош котиби ўринбосари Татьяна Молчан, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси Ақилбек Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Сингапур Парламенти Спикери Сиа Киан Пенг, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ҳам қатнашди.

Тошкент инвестиция форуми йил сайин халқаро ишбилармон доираларда тобора юксак эътироф қозонмоқда. 2022 йил илк форумда 56 давлатдан бир ярим мингга яқин йирик инвестор, машҳур корпорациялар вакиллари, компаниялар раҳбарлари иштирок этган бўлса, бу гал пойтахтимизга 93 мамлакатдан икки ярим мингга яқин жаҳоннинг энг илғор инвесторлари етиб келишган.

Хорижлик сармоядорларнинг форумга қизиқиши жуда юқорилигини имзоланаётган янги шартномалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Айтиш жоиз, бу галги форум самараси нафақат давлат миқёсида сезилади, балки ҳар бир оилага кириб борадиган мега лойиҳалар учун асос бўлади. Бундай фикрлар хорижлик экспертлар томонидан билдириляпти.

Маълумотга кўра, ўтган йил 11 миллиард долларлик 164 битим ва шартнома кучга кирган, учинчи анжуманда эса йигирма миллиард доллардан зиёд қийматга эга жами 90 та келишувга эришиш кутиляпти. Энг муҳими, мунтазам равишда Ўзбекистонга қизиқиш ортиб, иқтисодиётимизга сармоя киритиш истагидаги давлатлар рўйхати кенгаймоқда.

Хорижлик экспертлар фикрича, айниқса, халқаро майдонда кузатилаётган инқироз даврида Тошкент халқаро инвестиция форумининг муҳим аҳамияти яққол кўзга ташланмоқда.

Бугун форум доирасида Сув танқислигининг глобал миқёсда ва Ўзбекистон учун аҳамияти – иқтисодий ўсиш ва жамият фаровонлигига таъсири, Ўзбекистон учун муҳим тармоқлар – қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, коммунал хўжалик соҳаларида сув муаммосини бартараф этишга қаратилган энг самарали сув ресурсларини бошқариш амалиёти, Мамлакат миқёсида қийинчиликларни енгишга йўналтирилган қисқа ва узоқ муддатли стратегиялар, манфаатдор томонлар ҳамкорлиги модели – давлат-хусусий шериклик, самарали сув бошқарувига инвестиция – яшил молиявий маҳсулот, халқаро институтлар томонидан молиялаштириш, бозорга асосланган рағбатлантириш, тартибга солиш муҳити, янги муқобил, илғор технологик ечим, Ўзбекистон учун сув тежовчи технологиядан фойдаланиш каби долзарб мавзуларни қамраб олган сессиялар бўлиб ўтяпти.

Форум ҳақидаги батафсил маълумотларни uza.uz сайти орқали кузатиб боришингиз мумкин.

Гўзал Сатторова,

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА