Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Канаданинг “Ceo.ca”, Испаниянинг “Europapress.es”, Италиянинг “It.advfn.com” нашрлари пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланганини ёзди.

Хориж ОАВ бу йилги дастурда “Янги Ўзбекистон: кенг имкониятга эга йирик давлат” ғояси мужассамлашганини эътироф этган. Ўзбекистонга яқин беш йил ичида 70 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниши урғуланган.

– Мазкур анжуман ялпи ички маҳсулот қийматини 160 миллиард долларга етказиш, шунингдек мамлакатга қўшимча 250 миллиард доллар сармоя жалб этиш назарда тутилган “Ўзбекистон-2030” стратегиясига мувофиқ, ўсиш ва ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган, – дейилади мақолаларда.

Икки кун давом этадиган тадбир кун тартибида юртимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция оқимини тезлаштириш бўйича фикр, режа алмашиш майдони сифатида қатор давра суҳбатлари, шўъба йиғилишлари бор.

Энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, туризм, тоғ-кон саноати ва рақамли иқтисодиёт каби муайян соҳалардаги кенг инвестиция имконияти мавжудлиги қайд этилган.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА