Ҳиндистоннинг India Blooms ахборот агентлиги ва International Affairs Review портали шу йилнинг 13–14 май кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган хотин-қизлар форуми ҳақида мақола эълон қилди.

Унда тадбир хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлари ҳамда уларнинг имкониятларини кенгайтириш масалаларига  минтақавий ёндашишга бағишлангани айтилади. Ушбу форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Презиеденти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида таклиф қилингани қайд этилади.

Йирик халқаро форум минтақа мамлакатларидаги етакчи хотин-қизларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият, иқтисодиёт бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш мақсадида ўтказилаётгани хабар қилинади.

Мазкур йирик анжуманда иштирок этиш учун Самарқандга Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатларининг депутат аёллари, ҳукумат раҳбарлари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, жамоат фаоллари, олимлар, иқтисодиёт ва бошқа соҳа вакиллари ташриф буюради.

Ҳиндистонлик журналистлар форум доирасида аёлларнинг илмий ва инновацион фаолият, таълим,  рақамли технологиялардан фойдаланиш соҳаларидаги иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорлик ва инновацияларга жалб қилиш орқали камбағалликни қисқартириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинади, деб хабар бермоқда.

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА