Тошкент халқаро инвестиция форумида “Сув ресурсларини бошқаришда ҳукумат, бизнес ва жамиятнинг роли” мавзусида сессия ўтказилди.

Ушбу мунозара йиғилишида сув ресурсларини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўллари муҳокама қилинди, турли ташаббуслар илгари сурилиб, стратегиялар тақдим этилди.

“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Дилшод Азимов Швейцария билан ҳамкорликда йўлга қўйилган қўшма синов лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Спикер сўзларига кўра, ушбу тажриба сув таъминоти ва минтақанинг экологик хавфсизлигини сезиларли даражада яхшилашга имкон беради.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган асосий ривожланиш йўналишлари орасида мамлакат аҳолисининг 90 фоизини тоза сув билан таъминлаш режаси ҳам борлигини таъкидланди.

– Зиммамиздаги вазифаларни муваффақиятли бажариш учун халқаро молиявий ташкилотлар жумладан, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби йирик бизнес тузилмалари ҳамда тегишли давлат идоралари билан фаол ҳамкорлик қилиш зарур, – дейди Д.Азимов.

СWС компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича директори Абдул Ваҳоб Шариф иштирокчиларни “Ўзсувтаъминот” билан бирга амалга оширилиши режалаштирилган йирик лойиҳа билан таништирди. Марказий Осиё миқёсида соҳанинг энг йирик лойиҳаси бўлиши кутилаётган мазкур ташаббус туфайли Салор ва Бектемир сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги кескин ошади. Шунингдек, инвестор Абу Дабида йўлга қўйилган сувни тўплаш, тозалаш ва қайта фойдаланишга йўналтиришни ўз ичига олувчи тизим билан ишлаш тажрибаси ҳақида ҳам гапириб, Ўзбекистонда шунга ўхшаш технология ва ёндашувни жорий этиш таклифини билдирди. Қайд этиш жоиз, мазкур технология мамлакатда сув ресурсларини самарали тасарруф этиш борасида янги қадам бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Тошкент форуми доирасида кун тартибига киритилган мунозара, давра суҳбатлари давлат, бизнес ва жамиятнинг муаммоларни ҳал этиш ҳамда муҳим йўналишлар бўйича келгуси хавф-хатарларга тайёргарлик кўриш борасидаги ҳамкорлиги муҳимлигини яна бир бор тасдиқламоқда.

Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА