Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши ўтказилмоқда.

Унда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон давлатлари Олий судлари делегациялари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов мазкур мамалакатлар делегациялари билан учрашувлар ўтказди.

Жумладан, Ҳиндистон Республикаси Олий суди раиси Дхананджая Йешвант Чандрачуд билан учрашувда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Тарафлар ўзаро манфаатли масалаларни муҳокама қилиб, ШҲТ доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида фикр алмашди. Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида тажриба ва маълумот алмашинуви, суд тизимида ахборот–коммуникация технологияларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Томонлар икки мамлакат Олий судлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштириш юзасидан келишиб олди.

***

Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён билан учрашувда меҳмон одил судлов самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди.

Конструктив мулоқот давомида томонлар икки мамлакат олий суд органлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлик масалаларини, шунингдек, алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди. Суд тизимини такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашинуви орқали фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.

***

Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси Чжан Цзюн билан учрашувда икки мамлакат Олий судлари ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқот давомида тарафлар суд-ҳуқуқ соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар яратилганига алоҳида эътибор берди. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, судларнинг ихтисослашуви, суд тизимида замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш ва шу каби бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди. Учрашув якунида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

***

Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси Асламбек Мергалиев билан учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кенг кўламли ҳамкорлик барча йўналишда, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Қозоғистон Республикаси Олий суди ўртасида 2017 йилда Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, унинг доирасида суд тизимини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим институти сифатида такомиллаштиришни илмий-таҳлилий ҳамда ахборот жиҳатидан таъминлаш орқали суд ислоҳотларини амалга оширишга кўмаклашиш билан боғлиқ тадбирлар кўзда тутилган. Айни пайтда мазкур ҳужжат икки мамлакат суд ҳокимияти олий органлари ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашувнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.

***

Россия Федерацияси Олий суди раиси Ирина Подносова билан учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кенг кўламли ҳамкорлик барча йўналишда, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ривожланиб бораётгани таъкидланди.

2018 йилда имзоланган Ҳамкорлик тўғрисида меморандум доирасида суд тизимини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим институти сифатида такомиллаштиришга қаратилган ишлар амалга оширилди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат суд ҳокимияти олий органлари ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашувнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.

***

Қирғиз Республикаси Олий суди раиси Замирбек Базарбеков билан учрашувда томонлар суд тизимини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг роли ва обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ҳамда судларнинг мустақиллигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашди.

Мулоқот мобайнида икки давлат Олий судлари ўртасида мунтазам равишда ҳуқуқий ахборот алмашишни амалга ошириш ва ўзаро манфаатларни ифодаловчи бошқа масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олинди. Икки мамлакат Олий судларининг ўзаро манфаатларини ифодаловчи соҳалардаги ҳамкорлик ва алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берадиган ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

***  

Эрон Ислом Республикаси Суд ҳокимияти раисининг ўринбосари Козим Ғарибободий бошчилигидаги делегация билан учрашувда Президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирилди.

Конструктив мулоқот давомида тарафлар икки мамлакат суд идоралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

***

Покистон Ислом Республикаси Олий суди раиси Кази Фаез Иса билан учрашувда икки давлат Олий судларининг ўзаро ишонч ва шерикликка асосланган амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА