Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI) президенти Ким Че Хван бошчилигидаги делегация билан учрашув ташкил этилди.

Унда 2022-2024 йилларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва NHI ҳамкорлигида давлат хизматини рақамлаштириш бўйича масъул раҳбарлар учун ташкил қилинган малака ошириш дастурлари сарҳисоб қилинди. Уларнинг самараси ва натижалари муҳокама қилинди.

К.Хван Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Мулоқот давомида, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш, 2023 йил октябрь ойида имзоланган Англашув меморандуми доирасидаги тадбирлар кўламини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Кейинги йилларда давлат хизматчилари учун Кореяда қисқа муддатли стажировка ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш кўпайтирилгани, раҳбар кадрлар компетенцияларини баҳолаш (ассесмент) маркази фаолиятини ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилиш, кореялик мутахассислар иштирокида семинар-тренинг ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ушбу йўналишларни акс эттирган амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга ва амалга оширишга келишиб олди.

Н.Абдураимова, ЎзА