Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган III Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Унда иштирокчилар “Сув танқислиги: глобал миқёсда ва Ўзбекистон учун аҳамияти – иқтисодий ўсиш ва жамият фаровонлигига таъсири”, “Ўзбекистон учун муҳим тармоқларда сув муаммоларини бартараф этиш бўйича энг яхши сув ресурсларини бошқариш амалиётлари”, “Қийинчиликларни енгиш учун мамлакат миқёсида қисқа ва узоқ муддатли стратегиялар. Давлат, жамият ва бизнеснинг роли. Манфаатдор томонлар ҳамкорлиги моделлари – давлат-хусусий шериклик” каби мавзуларда ўзаро мулоқот қилмоқда ва тақдимотлар  ўтказмоқда.

Шунингдек, форум доирасида сувни самарали бошқаришга инвестициялар – яшил молиявий маҳсулотлар, халқаро институтлар томонидан молиялаштириш, бозор тамойилларига асосланган рағбатлантириш, тартибга солиш муҳити, янги муқобил, илғор технологик ечимлар бўйича ҳам қизғин муҳокамаларга киришиб, тажриба алмашмоқда.

ЎзА мухбирига интервью берган Ўзбекистон Республикасининг Нагоя шаҳридаги фахрий консули Ҳироюки Ито ушбу йирик тадбир иштирокчи давлатлар учун ҳар томонлама имкониятларга кенг йўл очишини таъкидлади.

–Очиғини айтиш керакки, ушбу форум деярли барча соҳаларни қамраб олган кенг қамровли мулоқот майдонига айланмоқда. Иштирокчилар ўз имкониятлари хусусида маълум қилиб, ҳамкорликка ундаётгани қувонарлидир.

Форумда Япониядан келган йирик компания вакилларидан иборат делегация билан биргаликда қатнашяпман. Ўзбекистонга инвестиция жалб қилиш ва бу борада юртингизда яратилаётган қулайликлар ҳақида Президент иштирокида ўтказилган бугунги йиғилишда муҳим маълумотлар берилди.

Мен Ўзбекистон Республикасининг Нагоя шаҳридаги фахрий консули сифатида фаолият юритяпман. Бир йил мобайнида 5 мингдан ортиқ япон компаниясига Ўзбекистон ва унинг имкониятларини таништириш ишларини олиб бораман. Бундай таништириш япон компаниялари қизиқишини оширишда катта роль ўйнайди.

Форум кўтаринки руҳда ўтмоқда ва унда иштирок этаётганимдан мамнунман. Ушбу тадбир кейинги ҳамкорликни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.

Яна бир жиҳатни таъкидлашни истар эдимки, юртингиздаги инвестицион муҳит, қулайликлар ва яратилаётган ҳуқуқий меъёрлар, инвестиция жалб қилиш бўйича кўрилаётган чоралар эътирофга лойиқ. Умуман, ер масаласи, юртингизга инвестиция жалб қилиш борасидаги ҳуқуқий тартибларнинг мавжудлиги япон компаниялари учун жуда муҳим.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА