Юртимиз мактабгача таълим ташкилотлари, яъни боғчаларда тарбияланувчиларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолатлари учраб тургани, ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ўтган 2023 йилда бу каби ҳолатлар бир неча бор қайд этилди.

Фарзандларимиз саломатлиги, ҳаёти ҳақида гап кетар экан, асло лоқайдликка йўл қўйиб бўлмайди.

Хўш, бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?  

АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Мактабгача таълим агентлиги мутасаддилари ана шулар ҳақида маълумот берди.

Анжуманда қайд этилишича, бугунги кунда республикамизда 6 824 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 1 172 сасида 83 нафар тадбиркор томонидан аутсорсинг хизматлари йўлга қўйилган. Қолган 5 652 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида анъанавий усулда овқатлантириш ташкил этилган.

Мактабгача таълим агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2023 йил 23 майдаги «Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун Ягона мавсумий таомномаларни тасдиқлаш ва амалиётга жорий қилиш тўғрисида» қўшма қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан 2023 йилнинг 1 сентябридан республиканинг барча ҳудудларидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида боғчалар учун таомлар рецепти тўпламидан фойдаланган ҳолда тузилган 10 кунлик Ягона мавсумий таомнома асосида тарбияланувчиларни овқатлантириш ташкил этилди.

Шу билан бирга, боғчалар учун таомлар рецепти тўплами асосида сифатли овқатлар ва пишириқларни тайёрлашда ходимларга қулайликлар яратиш мақсадида «Ягона мавсумий таомнома» бўйича видеороликлар тайёрланди.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни таъминлаш мақсадида ҳудудларда ўқув-семинарлар ўтказиш учун режа-дастурлар ишлаб чиқилиб, мазкур ўқув-семинарларда овқатлантиришга масъул бўлган ДМТТ директорлари, ҳамширалар, ошпазлар, хўжалик мудирлари иштироки таъминланди.

Семинар-тренинглар давомида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришда санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш юзасидан билимлар берилди.

Бу борада халқаро тажриба қандай?  

Ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибалари асосида давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда мактабларда овқатлантиришнинг муқобил усулларини жорий этиш, овқатлантириш комбинатлари фаолияти ташкил этилишини ўрганиш мақсадида Россия Федерациясининг Қозон, Москва шаҳарлари ҳамда Волгоград вилояти, шунингдек, Корея Республикасига хизмат сафарлари ташкил этилди.

«Мактабгача таълим тизимида болаларнинг илк ёшидан саводхонлик, рационал овқатланиш, гигиена ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришда компетенциявий ёндашувни жорий этиш» мавзусида амалий конференциялар ўтказилди. Унда 718 нафар мактабгача таълим ташкилотларнинг раҳбарлари, методист ва педагоглари ўқитилди ва 60 нафар мураббий тайёрланди. «МТТда озиқ-овқат хавфсизлигининг тамойилларини ўрганиш ва амалий кўникмаларини ривожлантириш» мавзусидаги малака ошириш тренингларида 180 нафар директор, ошпаз ва хўжалик мудирлари ўқитилди.

Шунингдек, дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги мақсадли 60 та ДМТТнинг санитария гигиена хоналари (ҳожатхоналар), сув таъминоти тизими ҳамда ошхоналар таъмирланди ва замонавий керакли жиҳозлар билан таъминланди. Ҳозирги кунда 100 та мақсадли ДМТТда бу борадаги ишлар давом этмоқда.

«Ақлвой ошпаз» болалар боғчалари учун рецептлар тўплами қорақалпоқ тилига ўгирилди ва 150 дона китоб нашр қилинди. «Таълим учун озиқ-овқат ва болалар овқатланиши» дастури доирасида давлат мактабгача таълим ташкилотларига Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида 4 турда бойитилган озиқ-овқат (20 тонна ўсимлик ёғи, 40 тонна гуруч, 80 тонна ун ва 10 тонна сариқ ярим нўхат) маҳсулотлари олиб келинди ва тарқатилди.

Мактабгача ёшдаги болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва соғлом овқатланиш бўйича ДМТТ учун ахборот материаллари ўзбек ва қорақалпоқ тилларида ишлаб чиқилди ва 300 тўпламда чоп этилди.

Ҳозирда ДМТТ ошпазларининг малакасини оширишга ихтисослаштирилган «Болаларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш» ўқув марказини ва тарбияланувчиларга таом тайёрлашга мос бўлган замонавий жиҳозлар билан таъминланган «Ошпазлар студия»сини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Анжуманда  журналистларнинг саволларига жавоб берилди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА