Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимизнинг ёшларга алоҳида эътибори, юксак ишончи ва оталарча ғамхўрлиги натижасида ёшлар учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Учрашувни ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимизда ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш, ҳар бир ёшнинг фикри ва таклифларини, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашдир.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилингани, ўтган қисқа вақт ичида шаҳар ва туманларда фаол ёш оилалар учун Ёшлар уйларининг топширилганлиги, билимли, зийрак ва иқтидорли ёшларимиз учун замонавий таълим масканларининг очилиши, ёшларга тадбиркорлик дастури бўйича кўплаб имтиёзлар берилаётгани, таълим, маданият, спорт ва бошқа йўналишларда ёшларимизнинг моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиши, олий таълим муассасаларида қизлар учун қўшимча имтиёзларнинг берилгани шулар жумласидандир. Албатта, эртамиз эгалари ва Учинчи Ренессанс бунёдкорлари ҳисобланган ёшларга бугун катта эътибор берилиб, улар учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Очиқ суҳбат шаклида ўтказилган учрашувда ёшлар томонидан мамлакатимизнинг ривожи йўлидаги бир қанча янги ғоя ва дастурлар лойиҳалари тақдим этилди. Жўқорғи Кенгес Раиси ёшларнинг барча ташаббусларини қўллаб- қувватлашини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида шаҳар ва туманлар маҳаллаларидаги ёшлар билан ҳамкорлик қилишда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ёшлар етакчилари тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири