13-17 ноябрь кунлари Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясининг (UNCCD) бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC21) ўтказилди.

Марказий Осиёда илк бор ўтказилган тадбирда Конвенцияга аъзо юздан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлардан 1000 нафарга яқин иштирокчи, маҳаллий ва хорижлик эксперт қатнашди.

Беш кун давомида қатнашчилар ерни барқарор бошқариш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, қишлоқ хўжалигида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш, ер деградацияси ва унинг олдини олишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбурий миграцияга қарши курашишда стратегик мақсадларни амалга ошириш борасидаги муаммолар ва имкониятларни кўриб чиқди.

17 ноябрь куни анжуман якунлари бўйича брифинг ўтказилди.Брифингда БМТ Бош котибининг ўринбосари, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича конвенция (UNCCD) ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, CRIC21 раиси, Сербия соғлиқни сақлаш институти бўлим бошлиғи Билжана Килибарда, маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау Самарқанд мезбонлик қилган 21-сессия юқсак савияда ташкил этилгани ва муваффақиятли ўтганини таъкидлаб, бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

– Самарқанддаги сессия кўлами, тадбирлар кўплиги ва муҳокама этилган мавзуларнинг долзарблиги билан ёдда қоладиган бўлди, – деди Иброҳим Тиау. –  Бу галги сессия конвенция тарихида бир қатор жиҳатлари билан тарихий аҳамият касб этди. Хусусан, биринчи марта расмий дастурлар ташкил этилди, иштирокчилар сони бир минг нафарга яқинлашди, тадбирларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали 1,5 миллиард киши кузатиб борди. Муҳокамалар давомида билдирилган фикрлар, таклифлар бизни ташвишга солиб келаётган глобал муаммоларга ечим топишга хизмат қилади.

– Конвенция қабул қилинганидан буён биринчи марта Марказий Осиёда унинг ижроси бўйича сессия ўтказилиши нафақат мазкур минтақа, балки бутун дунё халқлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлди, – деди Билжана Килибарда хоним. – Бу аввало чўлланишга қарши курашиш, ер деградацияси бўйича конвенцияга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар вакилларининг ўзаро фикр алмашиши, ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирларни белгилаб олиши учун навбатдаги муҳим қадамдир. Эътиборлиси, бу галги сессия иштирокчилар сони кўплиги ва ўтказилган тадбирлар кўлами кенглиги, ижтимоий, сиёсий ва миллий ташкилотлардан вакиллар қатнашгани билан эсда қоларли бўлди. Йиғилиш ва учрашувларда муҳокама этилган масалалар, чақириқлар ҳам бутун дунё халқларининг манфаатларига, сайёрамизда иқлим ўзгаришлари ва бунинг оқибатида юзага келадиган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ҳар бир панел сессия бўйича хулосаларни умумлаштирган ҳолда зарур тавсиялар ишлаб чиқдик ва улардан конвенция имплементациясида фойдаланамиз.

Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов сессия доирасида чанг ва қум бўронлари бўйича юқори даражали тадбирнинг ўтказилиши ва унда мазкур муаммонинг глобал муаммо сифатида қайд этилиши энг муҳим воқелардан бири бўлганини таъкидлади.

– Бу тадбир дунёда чанг ва қум бўронлари муаммоси кўтарилган илк глобал тадбир ҳисобланади. Ва ушбу тадбирга мамлакатимиз илк бор мезбонлик қилди, – деди О.Қудратов.

Брифингда 2024 йил декабрь ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Конвенция иштирокчиларининг 16- конференциясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган Чанг ва қум бўронлари бўйича Самарқанд декларацияси кўриб чиқилиши билдирилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири