Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида ўзбек киноижодкорларининг “Кино — келажакнинг нурли йўли” ижодий форуми бўлиб ўтди.

Унда кино санъати вакиллари ижодкор зиёлилар, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.

Ижодий форум аввалида Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Aбдухолиқов, Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Aгентлик директорининг ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов ва бошқалар томонидан 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Киночилар уйига ташрифи ҳамда киноижодкорлар билан учрашуви, унда берилган топшириқлар ҳақида ҳисобот берилди. Мамлакат етакчиси билан бўлиб ўтган бундай самимий мулоқот киночиларни катта масъулият, иштиёқ билан изланишга даъват этишига алоҳида эътибор қаратилди.

Форум иштирокчилари яратилаётган шароитлар, имкониятлар ҳақида гапирар экан, миллий кинематографияга қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдирди.

Форумнинг асосий қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташриф чоғида тақдимоти билан танишган “Тирик тарих” дастури ҳақида сўз борди.

Тақдимотдан сўнг илк маротаба киноижодкорларга бундай катта лойиҳа ишониб топширилгани, унинг аҳамияти ҳақида гапирилди.

Шу билан бирга, дубляж мактаби бўйича ишларни жадаллаштириш, “Ўзбекфильм” киноконцернида махсус костюмлар тикиш цехининг фаолиятини йўлга қўйиш, ижодкорларнинг гонорарларини рақобатбардош қилиш, тарихий бадиий-публицистик фильмларни кўпайтириш, фильм ижодий жамоасини танлаш тизимини яратиш каби таклифлар берилди ва муҳокама қилинди.

Иштирокчилар мазкур тарихий лойиҳа қадим ўтимишимизни англаш, шу орқали ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавиятини юксалтириш, буларнинг барчаси эса Учинчи Ренессансни барпо этишга туртки бўлишини айтди.

Тадбир якунида киноижодкорларнинг Президентимизга йўллаган миннатдорчилик мурожаатномаси бир овоздан қабул қилинди.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА