ФОТОРЕПОРТАЖ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятининг устувор йўналишлари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда  Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги мутасаддилари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Агентлик томонидан 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат соҳаларини ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида тадбирда батафсил сўз юритилди. Крипто-активлар айланмаси соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, институционал ривожланиш, халқаро ҳамкорлик бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон суғурта бозорининг асосий кўрсаткичлари, суғурта хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суғурта ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш борасидаги ишларга тўхталиб ўтилди. Капитал бозори соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, уни институционал ривожлантириш Openinfo.uz ягона корпоратив ахборот портали функцияларини модернизация қилишга оид маълумотлар, “Тошкент” Республика фонд биржасини такомиллаштириш ва йирик кастодиан-банклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ахборот тақдим этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, белгиланган вазифаларга мувофиқ, агентлик томонидан крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта фаолияти, электрон тижорат, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш соҳаларини янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, бозор иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инновацион технологияларни жорий этиш ва ривожлантириш эътиборда.

Журналистларни қизиқтирган барча саволларига соҳа ходимлари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Камола Юсупова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА