Пойтахтимиздаги «Универсал» спорт мажмуасида таэквондо WТ бўйича «Beаk Mun Chong» анъанавий халқаро турнирининг катталар ўртасидаги беллашувларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.
Эркаклар ўртасидаги беллашувларда Жасур Юнусалиев, Камрон Мансуров, Мадолимжон Турсуналиев, Аббос Чўпонқулов Темур Нагимов ғолиб бўлган бўлса, аёллар ўртасида Шаҳзода Ёдгорова, Дилноз Тангирова, Ситора Эргашева, Севинч Ҳайитова ҳамда Афруза Сатторова каби спортчиларимиз шоҳсупага кўтарилди.
– Мазкур мусобақанинг катталар ўртасидаги баҳсларида иштирок этиб, ўзим учун тажриба тўпладим, – дейди бронза медали соҳибаси Афруза Сатторова. – Аслида ёшлар тоифасидаги мусобақаларда иштирок этаман. Бу сафар хато ва камчиликларимни билиб олиш, тажрибамни ошириш мақсадида мураббийларим бошқа тоифада ўз омадимни синаб кўришни тавсия этди. Гарчи биринчи ўринга кўтарила олмаган бўлсамда, бронза медалини қўлга киритганимдан хурсандман. Келажакда бунданда яхшироқ натижаларни қайд этиб, мамлакатимиз шарафини янада юксалтиришни ўз олдимга мақсад қилдим.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА