Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг “Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётида аёлларнинг роли: рақамли, ижтимоий ва экологик инновацияларни илгари суриш учун етакчилик” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Анжуманда Марказий Осиё давлатлари парламентларининг аъзолари, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари, давлат органлари, халқаро ва нодавлат ташкилотлари, бизнес ва эксперт ҳамжамиятлари вакиллари қатнашди.

2021 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тузилма минтақадаги етакчи аёллар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.

2021–2023 йилларда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон раислик қилган.

Тадбирда “Креатив иқтисодиёт: Марказий Осиёнинг инноватор ва ихтирочи аёллари – янги ечимлар”, “Яшил” иқтисодиёт: Ижтимоий ва экологик инновацияларни илгари суришда аёлларнинг роли” ҳамда “Рақамли иқтисодиёт: Аёллар ва рақамли ечимлар” каби мавзулар кўриб чиқилди.

Ушбу йўналишларда минтақавий ҳамкорлик юзасидан таклифлар қизғин муҳокама қилинди. Давлатлардаги ижобий тажрибалар билан ўртоқлашилди ҳамда биргаликда амалга ошириладиган чоралар юзасидан келишиб олинди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Қирғизистон раислиги даврида 2024 йилга мўлжалланган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти бўйича Ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА